» » Энди Дўстлик туманида ҳам давлат хизматлари сифати ортадиган бўлди

Энди Дўстлик туманида ҳам давлат хизматлари сифати ортадиган бўлди

01 сентябрь 2019 г 2 468 Комментарии: 0

Август ойининг сўнгги куни турли воқеаларга бой бўлди. Бутун Ўзбекистонликлар истиқлолнинг 28 йиллик байрамини тантана қилаётган бир вақтда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида замонавий давлат хизматлари маркази янги бинода ўз ишини бошлади.

Жиззах вилоятида ҳам аҳолининг сифатли давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида навбати билан жойларда аҳоли учун давлат хизматлари марказлари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Жорий йилнинг 30-31 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифлари давомида  биринчилардан бўлиб Мирзачўл туманида барча қулайликларга эга Давлат хизматлари маркази биноси фаолияти билан танишиб, унда яратилган қулайликларга юқори баҳо берилган эди. Бу галги навбат Дўстлик туманига етиб келди.

- Ушбу давлат хизматлари маркази биноси барча учун қулай ҳудудда, замонавий архитектура ва меъморий дизайнга асосланган ҳолда қурилди,  - дейди Адлия вазирлиги ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Б.Умурзаков. - Марказга кираверишда ходимларимиз хушкайфият билан фуқароларни давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатини ўрганиб, тегишли ойналарга йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси ташкил этилган. Деворлардаги мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар намойиш этилади.

Маълумот ўрнида: Дўстлик тумани Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ўтган 2018 йилда жами 20091 та давлат хизматлари кўрсатилган. 2019 йилнинг ўтган 8 ойи давомида эса давлат хизматлари кўрсатиш сони ўтган йилгидан нисбатан кўпайиб ушбу кўрсаткич 26771 тани ташкил этди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсатгичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган.

 

 

Шу қаторда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси - зарур шароитлар яратилган ҳолда марказ биносида ўз фаолиятини бошлади. Бундан кўриниб турибдики мурожаатчилар бир вақтнинг ўзида ҳам давлат хизматлари, ҳам ўз фаолиятларида дуч келаётган  муаммолари юзасидан ваколатли органга мурожаат қилишлари мумкин.

Марказ биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, Инвесторлар билан музокара олиб бориш хонаси, фуқаролик паспортини алмаштириш, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини  алмаштириш, ФҲДЁ, адлия бўлими, нотариус хизматлари йўлга қўйилмоқда. Ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида банкомат, тўлов кассаси узлуксиз ишлаши таъминланади. Кутиш залидан ташқари кутубхона ҳам бунёд этилиб,  “Book cafe”да вақтни мазмунли ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган. Бино ёнида жойлашган “Хотира” майдони истироҳат маскани сифатида ободонлаштирилиб, янги оила қураётган ёшларнинг севимли масканига айланиши таъминланган.  

 

 

Шу куни тизимда самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга Адлия вазирлиги давлат хизматлари агентлиги раҳбариятининг буйруғига асосан даража  мартабалари оширилганлиги  муносабати билан қутлов маросими ҳам бўлиб ўтди. Ходимларга Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан фахрий ёрлиқлар топширилди.  

Тантанали очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Эслатиб ўтамиз, айни кунларда вилоятнинг Арнасой, Зафаробод, Зомин, Зарбдор, Фориш, Бахмал, Пахтакор, Ш.Рашидов, Ғаллаорол, Янгиобод  туманлари ва Жиззах шаҳрида давлат хизматлари марказлари учун янги бинолар қурилиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти

бошқармаси Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!