Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда сайёр ўқув йиғини ўтказилди
05 январь 2019 г 2 756 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институти томонидан вилоятимизда соҳа вакиллари учун сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида бўлиб ўтаётган 5 кунлик сайёр ўқув йиғинида ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари иштирок этмоқдалар. Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган ушбу ўқувдан кўзланган мақсад соҳа вакилларининг ҳуқуқий билимларини ошириш, касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини кучайтириш, тизимда тарбиявий ишлар сифатини яхшилашдан иборатдир.
Шу маънода, тингловчиларга мамлакатимизда сўнгги йилларда кучга кирган соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар моҳияти, қабул қилиниши кўзда тутилаётган қонунлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Худди шундай, ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, маънавий-руҳий муҳит барқорлигини таъминлаш омиллари ҳақида сўз юритилди.
Энг муносибларни ишга қабул қилиш, фаолият давомида ходимларнинг хатти-ҳаракатларини назорат этиш, уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказиш, тизимда кузатилаётган камчиликларнинг олдини олиш каби вазифаларнинг самарали усуллари йиғилганлар эътиборида бўлди. Бу йўналишларда қўлланилаётган илғор тажрибалар, хусусан, хориж технологиялари тўғрисида сўз юритилди. Табиийки, соҳа вакилларининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этишга оид билимлари бойитилди. Қисқаси, ҳар бир соҳа вакилларига алоҳида ўқув дастури асосида сабоқ берилди.
Тадбир давомида амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш нуқтаи назаридан тингловчиларнинг таклиф ва тавсиялари ўрганилди. 50 соатлик сайёр ўқувда илғор таълим технологиялари ва усулларидан кенг фойдаланилганлиги сабоқларнинг сифатли ўтилишига омил бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу каби малака ошириш республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиши режалаштирилган. Сайёр ўқув йиғинлари ички ишлар ходимларининг ўз хизматларидан узилмаган ҳолда билим ва маҳоратларини юксалтириш учун шароит яратади. Қолаверса, бу тадбир пойтахтга бориб, ўқиш билан боғлиқ ортиқча харажатларнинг олдини олади. Айтганча, ички ишлар ходимларини онлайн ва видеоконференц алоқа ёрдамида масофадан ўқитиш кўзда тутилмоқда.
Жиззах вилояти ахборот мультимедиа гуруҳи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!