Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 4-сектор: Навбаҳор МФЙда сайёр қабулда асосан хотин-қизлар муаммоларига ечим изланди
23 август 2024 г 293 Комментарии: 0
Айни кунларда Халқ қабулхоналари билан келишилган режа жадвалга мувофиқ вилоят сектор раҳбарлари жойларда аҳоли билан учрашиб, улар муаммоларини сайёр тартибда ўрганишмоқда. Кеча шундай сайёр қабул вилоят 4-сектори томонидан Бахмал туманида бўлиб ўтди.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бахмал туманидаги Навбаҳор МФЙда ўзининг навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Сайёр қабул аввалида сектор раҳбари маҳалла ҳудудида жойлашган 73-мактаб филиалининг реконструксия жараёнлари билан танишди. Ушбу бинони реконструксия қилиш учун қарийб 552 миллион сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари 3 июнда бошланган. 3 октябрга қадар давом этадиган таъмирлаш ишларини “Дилноза Санақулова” МЧЖ қурувчилари амалга оширмоқдалар. “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” давлат муассасаси буюртмачилигида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, қурилишни ўз муддатида якунлаш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Шундан сўнг маҳалла еттилиги билан суҳбатлашилиб, аҳоли муаммоларини ҳал этишда улар зиммасидаги масалалар, сектор томонидан кўрсатиладиган кўмак борасида эслатмалар берилди.
Туманнинг ушбу ҳудуди Самарқанд вилояти билан чегарадош бўлиб, аҳолисининг асосий машғулоти чорвачилик ва деҳқончиликдан иборат. Шунингдек, тадбиркорлик, хусусан аёллар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига ҳам эҳтиёж мавжуд.
5300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган МФЙда ички йўлларни шағаллаштириш, эски электр симёғочларни янгисига алмаштириш, артезиан сув қудуғи ўрнатиш, тикувчилик фаолияти учун субсидиялар ажратиш, ижтимоий нафақа олишда кўмаклашиш, ногирон фарзандига нафақа тайинлаш, кредит расмийлаштиришга оид қатор муаммолар мавжуд.
4-сектор раҳбари Б.Ташпулатов бошчилиги ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш шўбаси масъуллари ҳар бир мурожаатни тегишли тартибда расмийлаштириб, тегишлилиги бўйича масъул идораларга йўналтирдилар.
Ижроси муддат талаб қиладиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, натижаси бўйича муаллифларга маълум қилинадиган бўлди.
Аслида бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосини инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоялаш ташкил этилмоқда ва бу орқали кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмоқда. Бу эса аҳоли турмуш тарзида ўз ифодасини топяпти, кўплаб масалаларнинг ечимига йўл очмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!