Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зомин тоғларида автопойгачилар
16 сентябрь 2024 г 301 Комментарии: 0
Жиззах вилоятининг Зомин тумани азалдан ўзининг хушманзара табиати билан барчани ўзига мафтун этиб келган. Шу боис манзилга ташриф буюрувчи маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар оқими кун сайин ортмоқда.
Сайёҳларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида туризм марказларида меҳмонхоналар, ресторан, кафе ва умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти ташкил қилинган. Шунингдек, соғломлаштириш ва “SPA” хизматлари, сузиш ҳавзалари фаолияти йўлга қўйилган. Келгусида, савдо-кўнгилочар мажмуаларда бож олинмайдиган савдо дўконлари — “duty free” ва қўшилган қиймат солиғи билан сотилган айрим турдаги товарларга “tax free” тизими қўлланиладиган чакана савдо шохобчалари барпо этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, миллий ипак матолари ҳамда ҳунармандчилик — сувенир маҳсулотлари савдоси, миллий заргарлик маҳсулотлари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган 10, 20, 50, 100, 200, 500 грамм ва 1 килограммли олтин қуймалар, ўлчовли қуймалар чакана савдосидан иборат бўлган “олтин йўлак” савдо қаторлари ташкил этилади. Йирик халқаро брендларнинг сифатли маҳсулотлари сотуви, тўй маросими тадбирларини ташкил этиш учун савдо нуқталари ва кинотеатрлар фаолияти йўлга қўйилади.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан “Россия Федерациясидан туристларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган. Мазкур дастурга биноан жорий йилда Россиядан 1 миллиондан зиёд турист ташрифини амалга ошириш ҳамда авто-мототуризм турларини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш вазифалари белгиланган. Ушбу ҳужжатларга асосан, вилоят Туризм бошқармаси томонидан қатор амалий ишлар бажарилаётир.
Жумладан, Зомин туристик рекреацион зонаси ДУК, Ўзбекистон авто-мото туризм ассоциацияси ҳамда Россиянинг “Dreamteam” автотуризм жамияти ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.
Тадбир давомида Зомин туманидаги Суффа-2400 платоси ҳудудида “MK Rally” халқаро мусобақаси ўтказилди.
Ушбу баҳсларда Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь Республикалари ҳамда Россия Федерациясидан спортчилар иштирок этди.
Пойга шиддатли тус олиб, ҳар бир жамоа ўз маҳоратини намойиш этди. Муҳими, улар воҳанинг бетакрор табиати, ўзига хос миллий таомларидан баҳраманд бўлиб, туристик салоҳиятига муносиб баҳо берди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!