» » Жиззахда туризмни ривожлантириш имкониятлари

Жиззахда туризмни ривожлантириш имкониятлари

27 февраль 2024 г 1 031 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг тоғли Зомин, Бахмал, Фориш ва Янгиобод туманларида туризм ва зиёрат туризмини, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, қисман Дўстлик ва Пахтакор туманларида гастрономик, Айдар – Арнасой кўллар тизими атрофидаги Арнасой, Фориш туманлари ва воҳада ўзининг алоҳида ўрнига эга Жиззах шаҳрида эко, гастрономик ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда туризм хизматлари, сайёҳлар оқими, инфратузилма юксалиб бормоқда.  

Жорий йилда вилоятда туризм хизматлари экспортини 50 миллион АҚШ долларидан ошириш мақсад қилинган. 2021 йилда 170 та 4 минг 959 ўринли меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 258 тага, ўринлар сони 6 минг 614 тага етган. Бу вилоятга келаётган хорижий саёҳларни тўлиқ жойлаштириш имкони яратилганидан далолат.

Шу бугунги кунда, вилоятда 12 та туркомпания фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 30 га яқин янги маршрут ишлаб чиқилган. Туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда ҳамда бошқа экотуризм манзиллари бўйлаб 3-5 кунлик туризм маршрутлари яратилгани ҳам таҳсинга лойиқ.

Жорий йилда вилоят бўйича туризм соҳасида 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Шундан 4 та меҳмонхона, 12 та туризм дам олиш ва хизмат кўрсатиш маскани, 2 та туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси, 2 та “Hostel”, 2 та оилавий меҳмон уйи, 1 та ижара ётоқхона, 7 та умумий овқатланиш ва 1 та “Motel” фаолияти йўлга қўйилади.

Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 24 февралдаги “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида биргина Бахмал туманининг Ўрмончи қишлоғида туризм соҳасини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Аммо шу ўринда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар йўқ эмас. Жумладан, табиати гўзаллиги беқиёс бўлган Ўрмончи қишлоғига элтувчи йўл қониқарсиз аҳволда.

–Сайёҳлар бу баланд қорли тоғларни, кўп йиллик арчазорларни кўриш учун нафақат ёзнинг жазирамасида, балки қиш кунларида ҳам дам олишга келаётир. Уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, –дейди тадбиркор Собир Зокиров. – Лекин қиш кунларида келадиганларнинг кайфиятини бузадиган жиҳати, бу – иссиқлик масаласи. Иссиқлик билан таъминлаш эса асосан электр энергияси билан боғлиқ. Тўғри, биз муқобил энергиядан ҳам фойдаланяпмиз, аммо у фақат ҳудуд ва хоналарни ёритиш қувватига етади, холос. Кемпенгларни иссиқлик билан таъминлаш, сув чиқаришда юқори кучланишли электр энергияси талаб қилинади. Қолаверса, алоқа хизматининг сифати ҳам сайёҳларнинг келишида муҳим аҳамият касб этади.  

Афсуски, вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган Фориш, Арносой, Шароф Рашидов ва Янгиобод туманларида ҳам зиёратгоҳлар, туристик ва маданий мерос объектларига олиб борувчи йўлларнинг таъмирлашга муҳтожлиги, бу ҳудудларга келувчи сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Вилоят туризм бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йил айнан туризм манзиллари ҳудудидаги 104,4 километр узунликдаги йўлларни таъмирлаш, 18 километр масофадаги электр энергияси тармоғини яхшилаш ва 3 дона янги трансформатор ўрнатиш ҳамда 13 километр узунликдаги янги алоқа тармоқларини тортиш, 10 дона алоқа устуни ўрнатиш режалаштирилган.  

Жорий йилнинг 12 январида имзоланган “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга ҳали кўп вақт бўлмади. Аммо туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этувчи ушбу ҳужжат ижроси борасида вилоятда хайрли ишлар бошлаб юборилган.

– Жиззах шаҳрининг С.Ҳамроқулов кўчасида кафе, “Fast-fud”, супермаркет, автотураргоҳ, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, бепул “Wi-Fi” зонаси, туристлар учун ахборот маркази ташкил этилиб, имконияти чекланган сайёҳлар учун тўсиқсиз туризм ҳолатлари инобатга олиниб, узунлиги 600 метрдан иборат туризм кўчасининг бунёд этилиши вилоятимиз учун ўзига хос янгилик бўлди, – дейди Жиззах вилоят туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азизбек Эгамбердиев. – Галдаги энг муҳим вазифа тўсиқсиз туризмга алоҳида эътибор қаратиш, ички ва ташқи сайёҳлар сонини оширишдан иборатдир.  

Шунингдек, вилоятда туризм қишлоқлари сонини кўпайтириш ҳам режалаштирилган. Айни пайтда Зомин туманидаги Дуоба қишлоғига “Туризм маҳалласи” мақоми берилган. Жорий йилда Фориш туманидаги Ухум ҳамда Бахмал туманидаги Ўрмончи қишлоқларига ҳам “Туризм маҳалласи” мақомини бериш учун амалий ишлар бошлаб юборилган.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!