» » Жиззахда ҳарбийларга янги хонадон калитлари топширилди

Жиззахда ҳарбийларга янги хонадон калитлари топширилди

26 сентябрь 2024 г 284 Комментарии: 0

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор масалаларидан бири ҳисобланади.

Ана шу ислоҳотларнинг давоми сифатида Жиззах вилоятининг қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмаси капитал таъмирланиб, ҳарбий оилалар учун янги хизмат уйи қуриб фойдаланишга топширилди.

Жиззах вилоят ва Фориш туман ҳокимлиги масъуллари, сектор раҳбарлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олганлар янги хонадонлар соҳибларини муборакбод этиб, ҳарбий хизматчиларнинг яшаши ва хизмат вазифаларини олиб боришлари учун яратиб берилаётган муносиб шароитлар хусусида тўҳталдилар.
Шундан сўнг, замонавий типда бунёд этилган 2 қаватли шинам ва кўркам 16 та хонадондан иборат бўлган хонадонларнинг калитлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

-Ҳозирги кунда биз ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлардан жуда мумнунмиз. Бу албатта биз ҳарбий хизматчиларнинг шарафли бурчимизни бекаму-кўст адо этишимизда муҳим аҳамият касб этади, дейди ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Бекзод Мўминов. –Яшаш хонадонларимиз хизмат жойимизга яқин бўлгани учун оиламиздан кўнглимиз тўқ. Мана шундай шароит ва имкониятларни яратиб берганлиги учун аввало давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларимиз Олий бош қўмондонига ҳамда ДХХ раҳбарияти ва юқори қўмондонлигимизга ўзимизнинг чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бунга жавобан биз чегарачилар бундан ҳам кейин Давлат чегараларини мустаҳкамлаш ва сарҳадларимизни кўз қорачиғимиздек асрашга бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз.

Хизмат уйига қўшимча равишда майиший қурилмалар, дам олиш ўриндиқлари ва болалар майдончалари, сунъий қопламали мини стадионнинг қуриб берилиши ҳам муҳим қулайликлардан ҳисобланади. Қолаверса, уй атрофи ободонлаштирилиб, чўл тупроқ иқлим шароитига мос манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, ҳарбий қисм бўлинмасида қисқа муддатли 20 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали фаолияти йўлга қўйилиб, ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқларини иш билан банд этиш ва уларни фойдали меҳнатга жалб этиш мақсадида мўъжазгина тикув цехи иш бошлади. Натижада 7 нафар ҳарбий хизматчининг оиласи бандлиги таъминланди.

Тадбир иштирокчилари хонадонлар ва ҳудудда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун яратиб берилган шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишишди.

Ана шу қурилиш, бунёдкорлик ишлари доирасида ҳарбий қисм бўлинмасининг бино ва иншоотлари капитал таъмирдан чиқарилиб, бунинг самараси ўлароқ бўлинма - аввалгисидан тубдан фарқ қиладиган гўзал қиёфага эга бўлди. Эндиликда, ҳарбий шаҳарчадаги замонавий типда таъмирланган маъмурий бино, сержант ва аскарлар ётоқхонаси, ювиниш хоналари, ошхона, савдо дўкони, кутубхона, ўқув ва спорт заллари ҳарбийлар ихтиёрида бўлади.

Бундан ташқари, хизмат ҳайвонлари, ҳарбий техника ва транспорт воситаларини сақлаш жойлари ҳам талаб даражасида таъмирдан чиқарилди. Ҳаттоки, ҳарбий шаҳарчани барпо этишда яшил энергияни яратиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудда қуёш батареялари ўрнатилди.

Хулоса ўрнида, бундай шароитлар мамлакатимиз суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!