Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фуқаролик жамиятини ривожлантириш – бугунги давр талаби
10 октябрь 2024 г 221 Комментарии: 0
Давлат ва жамият бошқаруви мураккаб жараён бўлиб, уни ташкил этиш ва бошқариш бўйича турли хил моделлар, бошқарув шакллари ҳамда йўллари ишлаб чиқилган.
Шу асосда ўтган асрдан бошлаб жаҳон амалиётида ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ташкил этиш бўйича амалиёт бир неча давлатлар тажрибасида қўлланилиб, амалиётда ўз самарасини берди. Бугунги кунда эса ўз суверенитетига эга бўлган кўпгина мамлакатлар учун бундай йўл энг мақбул мақсадга айланди. Натижада кўплаб давлатлар ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш асосида юқори тараққиёт сари одимламоқда. Айтиш лозимки, фуқаролик жамияти кишиларнинг умумий мақсадлари ва вазифалари борасида ўзаро муносабатга киришишлари ҳамда бу муносабатларни тартибга солиш заруратидан вужудга келган ҳодисадир. Ўз олдига фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадини қўйган ҳар қандай давлат фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашга ва унинг институтлари фаолиятини янада яхшилашга эътибор беради. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги ошиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Ўзбекистон Респбуликаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштирш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сонли фармони ҳам мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлариннг ролини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси десак муболаға бўлмайди.
Президент фармонига кўра, фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар шаффоф шаклга ўтказилади. Шу билан биргаликда Фуқаролик жамияти институтларига муайян имтиёзлар берилмоқда. Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади. Фармонга кўра, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиши, давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини БҲМнинг 1 000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилиши, ҳар йили ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилиши каби муҳим механизмлар жорий этилмоқда.
Шу билан биргаликда, ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилиши, 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга камайтирилиши ҳамда ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори амалдаги 15 млн сўмдан 34 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) оширилишини назарда тутувчи
бир қанча имтиёзлар берилганлиги фуқаролик жамияти тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлди.
Ҳужжатда давлат органлари ҳузуридаги фаол аъзолардан иборат жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тузиш, ҳар йили жамоатчилик кенгашларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаб бориш ва унинг натижаларини эълон қилиш кўрсатиб ўтилган.
Президент фармонининг 8-бандида “Юксалиш” ҳаракатига ҳар йили жамоатчилик кенгашлари фаолият самарадорлигини баҳолаш ва унинг натижаларини ўз расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилиб бориши, Давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари унинг сўровига асосан жамоатчилик кенгашлари фаолиятига доир маълумотларни тақдим этиб борилишининг белгилаб қўйилиши бизга катта ишонч ва масъулият юклайди, албатта.
Жиззах вилоятида ҳам ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 6 сентябр куни Жиззах вилояти ҳокимининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сонли Фармони ижроси ҳақидаги 523-3-0-Қ/24-сонли қарори қабул қилиниб, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши таркиби тасдиқланиб, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан икки ой муддатда давлат органлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этиш вазифаси белгилаб берилиб, бу борадаги ишларни самарали амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Хулоса ўрнида шуни қайд этишимиз керакки, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш, жамоатчилик кенгашларининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш орқали таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи келгусида инсонларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усули – халқ билан очиқ мулоқотнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётидаги, давлат бошқарувидаги муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш учун хизмат қилади. Шунинг учун амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаолликни талаб этади.
Музаффар МАМАТҚУЛОВ,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти
ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги
жамоатчилик кенгаши раиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!