Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
04 ноябрь 2024 г 75 Комментарии: 0
Хитой ҳамда БАА компанияларининг 1,28 млрд долларлик лойиҳаси асосида Тошкент, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Жиззах, Бухоро вилоятларида чиқиндини ёқиш заводлари қурилади.
Оҳангарон туманидаги чиқинди полигони рекултивация қилинади. Бу орқали ҳосил бўлган 97 млн долларлик электр энергияси сотилиши, 152 млн метр куб табиий газ иқтисод қилиниши айтилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Хитой, БААнинг жами 6 та йирик компанияси ўртасида қўшма ривожлантириш шартномаси имзоланди.
Шу ҳужжат доирасида Тошкент, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Жиззах, Бухоро вилоятларида 8 та чиқинди ёқиш заводи қурилиб, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги 1 та чиқинди полигони рекултивация қилинади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Kun.uzʼга маълум қилди.
Қайд этилишича, хорижий компаниялар иштирокида қилинаётган лойиҳаларнинг жами қиймати 1,278 млрд долларни ташкил этади. Бу асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қурилади.
Йилига 4,7 млн тоннадан ортиқ чиқиндини ёқиш орқали 2,1 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши, полигонлар сони беш баробарга қисқариши, 97 млн долларлик электр энергияси сотилиши айтилмоқда.
Шунингдек, 152 млн метр куб табиий газ иқтисод қилиниб, 2,4 млн тонна иссиқхона газлари (атроф-муҳитга зарар етказувчи заҳарли газлар) камайиши, 1 200 та янги иш ўрни яратилиши таъкидланган.
Маълумотларга кўра, лойиҳалар 2025-2027 йилларда амалга оширилади, қурилиш жараёни 2025 йил январдан бошланиб, заводлар 2026 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!