» » Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси ўтказилди

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси ўтказилди

06 ноябрь 2024 г 221 Комментарии: 0

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтган эди. Сайловда вилоят ҳудудида ташкил этилган қирқта округда сайловчилар ўзлари танлаган номзодлар учун овоз бердилар.

5 ноябрь куни сайловда ғолиб чиқиб, депутатликка сайланган юртдошларимиз 7-чақириқ Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг 1-сессиясини ўтказиш учун тўпланишди. Сессияни Жиззах вилояти Ҳудудий сайлов Комиссияси раиси Шавкат Шарипов очиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

—Сайловга тайёргарлик кўриш, ўтказиш жараёнларини нафақат вилоятимиз аҳли, партияларнинг ваколатли вакиллари, балки хорижий давлатлардан келган 19 нафар кузатувчилар ҳам кузатиб, ўз фикрларини билдириб боришди. Жумладан, жойларда сайлов комиссияларига иш шароитлари яратиб бериш, сайлов участкаларини жиҳозлаш, замонавий алоқа ва рақамли технология воситалари билан таъминланганлигига юқори баҳо беришди, — деди Ҳудудий сайлов комиссияси раиси.

Сессияда депутатлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши раисини сайлаш масаласини кўриб чиқишди. Вилоят Кенгаши раиси лавозимига номзод кўрсатиш бўйича сиёсий партиялар гуруҳи сайлаб олинди ва сиёсий партиялар гуруҳи томонидан вилоят Кенгаши раиси лавозимига номзодни тавсия этиш учун алоҳида хонада маслаҳатлашув ташкил этилди.

Партиялар вакиллари гуруҳи раиси, депутат Эркин Холматов маслаҳатлашув натижасига кўра халқ депутатлари вилоят Кенгаши раислигига депутат Парда Шукуров номзоди тавсия этилаётганлигини эълон қилиб, унинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида маълумотлар берди.

Сессияда барча депутатлар Парда Шукуров номзоди учун якдиллик билан овоз беришди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раислигига сайланган Парда Шукуров кенгаш фаолиятини Янги Ўзбекистон ғоясини амалга ошириш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда дастурларни амалга оширишга қаратишини билдириб, адолат, инсонпарварлик тамойилларини устуворлигини таъминлаш йўлида халол ва фидойилик билан меҳнат қилишга ваъда берди.

Шундан сўнг, сессияни вилоят Кенгаши раиси Парда Шукуров бошқариб борди. Кун тартибидаги иккинчи масала эълон қилиниб, унда вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш жараёни бошланди.

Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан — 20 нафар, Халқ демократик партиясидан — 7 нафар, «Миллий тикланиш» партиясидан — 6 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан — 4 нафар, Адолат социал-демократик партиясидан — 3 нафар депутатлар сайланган. Улар иштирокида ҳар бир партиянинг гуруҳлари ташкил этилди.

Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низоми тасдиқланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Жиззах вилояти ҳокими лавозимига Эргаш Алибекович Салиев номзодини тақдим этиш тўғрисидаги тақдимномасини ўқиб эшиттирди. Вилоят ҳокими лавозимига номзод бўйича партия гуруҳлари маслаҳатлашувлари ўтказилди. Вилоят ҳокимлигига номзод Эргаш Салиев ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтган даврда амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, жойларда йўл қўйилган камчиликлар билан биргаликда вилоятни ривожлантиришнинг истиқболига мўлжалланган «Жиззах вилоятини 2025-2029 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш» дастури ҳақида сўзлаб берди.
Сессияда депутатлар Эргаш Салиевни якдиллик билан вилоят ҳокимлигига тасдиқлашди. Эргаш Салиев сессияда сўзга чиқиб, билдирилган ишонч учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларига миннатдорлик билдирди ҳамда бу ишончни оқлаш учун билими, тажрибаси ва салоҳиятини ишга солишга ваъда берди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!