Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда саноат корхоналари кўпаймоқда
21 ноябрь 2024 г 63 Комментарии: 0
Жиззах деганда беихтиёр кўз ўнгимизда йирик автомобиль ишлаб чиқариш корхоналари келади.
2021 йили Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан ўтказган мулоқоти давомида Жиззахда 2−3 та автомобиль заводи очилаётганини маълум қилганда кўпчилик ишонмаган.
Қисқа вақтда Жиззах эркин иқтисодий зонасида “ADM Jizzakh” енгил автомобилсозлик заводи ўз фаолиятини бошлади. Мана, бугун Жиззахда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар кўчаларимизни тўлдириб юрибди.
Мазкур корхонада дастлаб, «Лада» автомобилларини йиғиш бошланган бўлса, айни пайтда “Kia”, “Chery” каби брендлар остида ўндан ортиқ моделда замонавий автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа доирасида 234 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, ўтган уч йилда “Kia”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди.
Саноат соҳасини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган «Жиззах» махсус иқтисодий зонаси, кичик ва ёшлар саноат зоналарининг инфратузилмалари учун буджетдан 186 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди. Бугунги кунда вилоятдаги 27 та махсус ва кичик саноат зоналари фаолият кўрсатиб келмоқда. Маҳаллийлаштириш дастуридаги корхоналар сони 6 тадан 48 тага, лойиҳалар сони 16 тадан 78 тага, ишлаб чиқариш ҳажми 11 млрд сўмдан 12,6 трлн сўмга ошди. Жорий йилда Республика бўйича маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 23,7 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 7,7 трлн сўми Жиззах вилояти ҳиссасига тўғри келади.
— Мустақиллик байрами арафасида Фориш туманида “Jizzax sement” МЧЖнинг 150,0 млн долларлик цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 2 млн тонна 450 маркали сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилди, — дейди вилоят Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг Жиззах шаҳри бўйича масъул ходими Улуғбек Жўраев. — Натижада 450 нафар янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштириш ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган “BMB-NRC Agrologistics” корхонаси ҳам ўз фаолиятини бошлади. Аҳамиятлиси, корхонанинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари Латвия, Эрон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжондан ташқари Қувайтга ҳам экспорт қилинмоқда. Бу мажмуа имкониятлари ҳажмини янада кенгайтиради.
Жиззах саноати 2024 йилнинг январь-октябрь натижасига кўра, ялпи қўшилган қиймат ҳажмининг 7,0 % га ошгани вилоят иқтисодиётининг барқарор ривожланишини кўрсатади. Келажакда бу тенденциянинг давом этиши учун жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!