Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Яшил иқтисодиёт - инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган муҳим масала
22 ноябрь 2024 г 44 Комментарии: 0
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида экология ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида урғу бериб, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келаётгани, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказаётганлигини таъкидлади.
Шу жиҳатларни инобатга олиб Шавкат Мирзиёев 2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили” деб эълон қилиш таклифини билдирди. Бу таклифнинг бир овоздан қўллаб-қувватланиши эса юртимизда мавжуд экологик муаммоларни бартараф этишда «яшил» технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалаларга ижобий ечим топилишига билдирилган ишонч бўлди десам янглишмайман.
Шу ўринда «яшил иқтисодиёт» тушунчасига қисқача тўхталиб ўтсам. Яшил иқтисодиёт деганда, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган ресурсларни, атроф-муҳит ва экологияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисодиётни янада ривожлантиришни амалга оширишга асосланган иқтисодий фаолиятнинг янги йўналиши тушунилади. Аниқроқ айтганда эса яшил иқтисодиётда инсон, табиат ва иқтисодиётнинг бир-бири билан уйғун ва барқарор ривожланишини таъминлаган ҳолда ҳаракати тушунилади.
Бунда табиий ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш, миллий иқтисодиёт, хусусан саноатнинг «яшил» ва кам углеродли ривожланишини таъминлаш, барқарор «яшил» урбанизацияни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва самарали «яшил» инвестисияларни жалб қилиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир кўрсатиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлашда «яшил» иқтисодиётга ўтиш учун қулай сиёсий муҳит яратиш бўйича ишларни амалга ошириш мақсад қилинади.
Мухтасар айтганда, атроф-муҳитни асраш нафақат Ватанимиз ободлиги ва чиройини таъминлайди, балки «Яшил макон» лойиҳасининг амалга оширилиши саломатлигимизни сақлашда ҳам асосий омил вазифасини бажаради.
Эркин Холматов, Жиззах вилояти Экология,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси бошлиғи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!