» » Вилоят ҳокими фермер хўжаликлари раислари, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Вилоят ҳокими фермер хўжаликлари раислари, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди

04 февраль 2019 г 2 391 Комментарии: 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида вилоятимиздаги лалми майдонлардан самарасиз фойдаланилаётгани ушбу ҳудудларда сувсизликка чидамли бодом, писта ва бошқа мевали боғлар ташкил этиш, ер ости сувидан самарали фойдаланган ҳолда ток плантациялари яратиб, узум етиштиришни кўпайтириш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган ҳолда боғ ораларида сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш лозимлиги юзасидан топшириқлар берган эди.

18-сонли мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов ва вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирокида вилоятимизнинг Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Янгиобод туманларида узумчиликни ривожлантириш юзасидан фермер хўжаликлари раислари, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Янгиобод туманлари ҳокимлари, ушбу туманларда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раислари ҳамда тадбиркорлар иштирок этиб, бу соҳани ривожлантиришдаги муаммолар ҳамда соҳани янада юксалтириш юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Узумчилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири. Марказий Осиё республикаларида, хусусан, Ўзбекистонда унинг роли айниқса катта. Юртимизнинг қулай табиий шароити бу ерда хилма-хил навли узум етиштиришга имкон беради. Узумчилик мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва хорижга маҳсулот экспорт қилишда муҳим ўрин тутади.

– Ток уч йилда ҳосилга киргани ҳолда бешинчи йилдан юқори ҳосил бера бошлайди, – дейди мулоқотда Бахмал туманидаги «Жамшид фахрли боғи» фермер хўжалиги раиси Фахриддин Саримсоқов. – Айни кунда тадбиркорларга боғдорчилик учун уч йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Бу муддат жуда қисқа бўлиб, токдан учинчи йил олинган ҳосил билан кредитни қоплолмай қоламиз. Шу боис кредитлар имтиёзли даврини бир йилдан уч йилга келтириш ва асосий қарзни беш йилга узайтириш лозим. Менга ток кўчатлари етиштириш учун 30 гектар ер ажратиш ҳамда томчилатиб суғориш учун қудуқ қазишга ҳамда 1000 тонна сиғимга эга замонавий музлатгич қуриш учун 1 миллиард 300 миллион сўм кредит олишда ёрдам берилишини сўрайман.

– Томчилатиб суғориш технологияси асосида 1000 гектар ерда токзор ташкил этмоқчиман, – дейди туманимиздаги «Лаззат кафолат» хусусий корхонаси раҳбари Раҳмат Нарзиев. – Шу боис артезиан қудуғи қазиш ҳамда томчилатиб суғориш ускуналари харид қилиш учун 150 миллион сўм кредит маблағи зарур.

– Фарғона водийсидан узумнинг «Ризамат ота» навини олиб келиб, 5 гектар ерда парваришлаяпман, – дейди туманимиздаги «Фориш агро сервис» фермер хўжалиги раиси Лазиз Ҳазратов. – Ҳозир менга туманимиздаги маҳаллий узум навларини экиш учун 100 гектар ер майдони ҳамда 130 минг туп кўчат зарур. «Асака» банкка ток кўчатлари сотиб олиш ва майизни қадоқлаш ускунаси харид қилиш учун 1 миллиард 200 миллион сўм кредит олишни сўраб мурожаат қилгандим. Аммо, кредит масаласи ҳал бўлмаяпти. Бу борада амалий ёрдам берилишини илтимос қиламан.

Шунингдек, мулоқотда Ғаллаорол туманидаги «Туятортар» фермер хўжалиги раиси Ғулом Маматқулов, «Лапасов Шавкат» фермер хўжалиги раиси Шавкат Лапасов, туманимиздаги «Фориш томорқа» масъулияти чекланган жамияти раиси Бобур Номозов, «Темур бизнес» хусусий корхонаси раҳбари Бобур Собиров, Зомин туманидаги  «Конгли мўл ҳосил» фермер хўжалиги раиси Алмамат Бойбўтаев, Янгиобод туманидаги «Умар Юнус» фермер хўжалиги раиси Мардонбек Юнусов, Бахмал туманидаги «Ўткирбек узумзори» фермер хўжалиги раиси Ҳасан Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, узумчилик, боғдорчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича таклиф, истак ва муаммоларини ўртага ташлашди.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!