Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг қирқ биринчи сессияси ўтказилди
21 февраль 2019 г 2 812 Комментарии: 0
Жиззах вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги қирқ биринчи сессияси ўтказилди. Сессия кун тартибидан еттита масала ўрин олди.
Дастлаб вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг 2018 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисида ҳисоботи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бўйича маърузаси тингланди.
Шундан сўнг, вилоят прокурори Ислом Эргашходжаевнинг вилоят прокуратураси органларининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2018 йил мобайнидаги фаолияти юзасидан ахбороти тингланди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодировнинг вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳудудда жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳолати тўғрисида ахбороти депутатларга ўқиб эшиттирилди.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини амалга ошириш, қонун ҳужжатларини тарқатиш ҳамда ижрочиларга етказиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш ишлари бўйича 2018 йил мобайнидаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди.
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Эркин Хаджакулов, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Акрам Шукуров, Иқтисодий ишлар бўйича вилоят суди раиси Донёр Мухамматов ҳамда Маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Асқар Мамарахимовларнинг 2018 йил фаолияти якунлари ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Сессия якунида вилоят ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Ўткир Рахмоновнинг вилоят ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилинган қарорларини тасдиқлаш ҳақида маърузаси эшитилди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!