2019 йил 1 март. Жиззахда “Илғор ҳудуд” лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Бу Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонида белгиланган муддат.
Бир қарашда ҳаётимиздаги катта ўзгаришлар бирданига юз бергандек туюлади. Аслида ундай эмас. Одатда, қудратли тўлқиндан олдин унинг эпкини етиб келади. Кўпинча бу эпкинга унчалик эътибор бермаганимиз учун дунёни, мамлакатлар, ҳудудлар ҳаётини, одамлар тақдирини ўзгартирган нуқтани аниқ белгилай олмай қоламиз.
Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларидаги бугунги ўзгаришларга назар солиб, бу жараённинг бошланиши ҳам, натижаси ҳам давлатимиз раҳбари қабул қилаётган ҳужжатлар ижроси доирасида эканини кўрамиз. Агар бу ўзгаришлар жараёни алоҳида соҳалар, ҳудудлар мисолидан олиб қаралса, нималар қилиниши керак эди-ю, нималарга эришилгани янада яққол кўринади.
Дўстлик туманидаги Манас қишлоғини ободонлаштириш ишлари “Обод қишлоқ” дастури қабул қилинмасдан бошланди. Бу бошланиши кутилаётган қудратли ҳаракатнинг эпкини эди. Манасдаги бунёдкорлик Мирзачўлда янада кенг кўламда амалга оширилиб, туман маркази тўлиқ янгиланди.
Президентимиз жорий йил 30-31 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Гагарин шаҳарчасида “Обод қишлоқ” дастури ижроси билан танишар экан, Мирзачўлда қилинган ишлар яхши тажриба, намуна бўлганини қайд этиб, энди Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани марказини шу тарзда обод қилиш, зарур қурилиш-таъмирлаш ишларини шу йилнинг ўзидаёқ якунлаш вазифасини қўйди. Ҳар бир туман марказини ободонлаштириш учун белгиланган миқдорда маблағ ажратиладиган бўлди.
Айни пайтда Мирзачўлдан бошқа барча туман марказларида қайта қуриш, янгилаш ва ободонлаштириш ишлари қизғин бораётир. Иш бундан 50-60 йил аввал қурилган эски иморатларни бузишдан бошланмоқда. Биринчи навбатда, инфратизулма иншоотларини янгилашга эътибор қаратилади. Кўп қаватли бинолар атрофи ва кўчалардаги режасиз қўшимча қурилган омонат иншоотлар олиб ташланаётир. Айниқса, бозорларни тўлиқ бузиб, янгидан қуриш жадал бормоқда.
– Мирзачўлдаги ўзгаришларни кўриб, бизда ҳам шундай бўлишига ишонгандим, – дейди Ғаллаорол тумани марказидаги “Умид” хусусий дорихонаси соҳиби, тадбиркор Хидирбой Эргашев. – Лекин бу иш кутганимиздан ҳам тезлашиб кетди. Бозор яқинида жойлашган дорихонамиз атрофи торлигидан машина бурилиши қийин эди. Якшанба кунлари бу ерда транспорт эмас, пиёдалар ҳам тирбанд бўлиб кетарди. Ҳудудни қайта қуриш бошланиши билан биринчилардан бўлиб иншоотни бузиб, жойини бўшатдим. Эски дўконлар ўрнида барпо этилаётган икки қаватли замонавий иншоот битиш арафасида. Ҳадемай кўчиб ўтамиз.
Ғаллаорол шаҳарчасида Хидирбой акага ўхшаб бу ўзгаришни мамнуният билан қабул қилган тадбиркорлар кўп.
Ҳозир янгиликнинг зўри қурилиш ҳақида. Ўзаро суҳбатлар-у йиғинлардан тортиб, матбуотда ҳам ҳар ким ўзи яшаётган ҳудудга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш одатга айланди.
– Одамлар юракдан чиқариб айтаётган бу гаплар тўппа-тўғри, – дейди форишлик меҳнат фахрийси Эркин Қозоқов. – Чунки давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмаётган ҳудуд йўқ. Фориш туманида кечагача айтарли ҳеч нарса қилинмаган эди. Тошни эритиб, ундан темир ўрнини босувчи базальт толаси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёда ягона “Мегаинвест индастриал” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси ишга туширилди. “Караман“ сув омбори қурилиб, 50 минг гектардан ортиқ экин майдонини кафолатли суғориш имконияти яратилмоқда. Бугун туман маркази бутунлай қайтадан барпо этилаётир. Кўримсиз, эски уйлар ўрнида икки-уч қаватли замонавий бинолар қад ростлайди.
Маълумки, ҳар қандай ўзгариш зарурат туфайли амалга оширилади. Мамлакатимизнинг бундан бир неча йил аввалги ҳаётини кўз олдимизга келтирсак, бу ўзгаришлар нақадар заруратга айлангани намоён бўлади. Жумладан, Жиззах вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида шундай дейиш мумкин. Фақат бир жиҳат, вилоят иқтисодий-ижтимоий ривожланиш суръатлари юртимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда анча суст эди. Бу шаҳару қишлоқлар қиёфасида ҳам аниқ кўзга ташланиб турарди. Шунинг учун 2017 йилдан бошлаб қурилган янги ва замонавий уй-жойлар, ишлаб чиқариш иншоотлари ҳудуд манзарасини тубдан ўзгартиргани яққол кўриниб қолди.
Ўтган йили “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 35 та маҳалла ва қишлоқда 169 мингдан ортиқ аҳолининг турмуш шароити яхшиланди. 465 та кўп қаватли уй-жой таъмирланди, 185 километр ичимлик сув тармоғи, 268 километр электр, 10 километр табиий газ тармоғи ва 705 та оқова сув ҳандақлари қурилди. 222 километр ички йўллар таъмирланиб, 78 та ижтимоий инфратузилма объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. 273 та бозор инфратузилмаси объектлари қурилди, жумладан, 18 та мини-маркет ва 18 та ҳаммом фойдаланишга топширилди.
Айниқса, тиббий хизмат, мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлишига олиб келаётир.
Кейинги икки йилда Давлат дастури доирасида вилоятда инвестиция маблағлари ҳисобидан 407 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ва 6 мингта янги иш ўрни яратилди. Саноат соҳасида Жиззах шаҳридаги “Жиззах текстиль” корхонасида йилига 9 минг тонна пневмо механик ип-калава, Пахтакор туманида 9 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш, Зомин туманидаги “Zomin Brewery” МЧЖда йилига 30 минг тонна салқин ичимликлар ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилди. Зарбдор ва Мирзачўл туманларида йилига жами 6 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ҳамда Арнасой туманида 200 минг дона пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Иқтисодиётни ривожлантиришда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор 2018 йил 29-30 август кунлари Жиззах шаҳрида Халқаро инвестицион форум ва маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг Миллий кўргазмаси ўтказилиши катта воқеа бўлди. Форумда Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Латвия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Украина каби 29 давлатдан 206 хорижий компания ва корхоналар вакиллари иштирок этди. Форум доирасида умумий қиймати 833 миллион долларлик 28 та инвестиция шартномаси имзоланди.
Жорий йил барча йўналишларда янада катта бунёдкорлик ва ўзгаришлар йили бўлиши кутилмоқда. Бу фақат режа ё яхши ният эмас, ҳозир амалга оширилаётган ишларда намоён бўлмоқда.
Вилоятда 2019-2020 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 21 триллион 957 миллиард сўмлик 589 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг самарасида 28 минг 810 та янги иш ўрни яратилади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан 189,1 минг аҳоли яшайдиган 36 қишлоқ ва 4 маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилади. 22 минг 887 та якка тартибдаги уй, 391 та кўп қаватли уй, 139 ижтимоий соҳа объектлари, 391,1 километр ичимлик суви, 389,5 километр йўл, 347,8 километр электр тармоғи реконструкция қилинади.
Ижтимоий соҳа, айниқса, мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш борасида 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни боғчага қамраб олиш бўйича жорий йилда вилоятда 721 та давлат-хусусий шериклик, нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши орқали қамров даражаси бугунги кундаги 31,9 фоиздан йил якунида 51,4 фоизга етказилади. Шунингдек, 57 та боғчада, 108 та умумтаълим мактабида, 31 та соғлиқни сақлаш муассасасида давлат дастурларига асосан янги қурилиш-реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Буларнинг барчаси баҳорнинг илк кунларида вилоятнинг барча ҳудудларини қамраб олган улкан бунёдкорлик суръатига айрим чизгилар, холос. Аслида, ўзгаришлар кўлами янада кенг. Энг муҳими, бундай янгиланишлар одамларнинг турмушини, дунёқарашини, орзу-интилишларини ўзгартирмоқда. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ҳаётга қизиқишни, эртанги кунга ишончни оширувчи қудратли кучдир.
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0