Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахдаги хотин-қизларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши қандай бўлмоқда?
05 апрель 2019 г 2 208 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мавжуд бўшлиқни тўлдириш борасида ўз вақтида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатдир.
Мазкур Фармон билан энг аввало Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 мартдаги “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий–ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари фаолияти самарали йўлга қўйилди.
Оғир ижтимоий аҳволда яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ёлғиз, ногиронлиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисида”ги Қарорининг ҳаётга тадбиқ этилиши, ўз самарасини кўрсатиб келмоқда.
Ўтган 2018 йилда вилоятимиз бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 488 нафар фуқаролар уй-жой билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реаблитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши айни муддао бўлди.
Эндиликда, жойларда ташкил қилинган ижтимоий реаблитация марказларига оилавий зўравонликка учраган хотин-қизлар вақтинчалик яшаб туришлари учун жойлаштирилмоқда.
2019 йилнинг ўтган 3 ойида вилоят маркази, шунингдек 5 та ҳудудий Бахмал, Дўстлик, Зомин ва Пахтакор, Зарбдор туманларида Ижтимоий реаблитация марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Қолган туманларда 2019 йил апрель ойи якунига қадар марказлар ишга туширилиши режалаштирилган.
Ўтган 1-чорак якуни билан реаблитация марказларига турли масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилган хотин-қизлар сони 53 нафарни ташкил қилди.
Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг “1146” “Ишонч телефони” 6 ойдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!