Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ҳам оилага қўшимча даромад, ҳам бандлик таъминланади
09 апрель 2019 г 2 110 Комментарии: 0
Оилавий тадбиркорлик тушунчасининг халқимизга бегоналиги йўқ. Қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли азалдан томорқа қилиб, турли мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва боғзорлар барпо қилишни, бир парча ердан ҳам унумли фойдаланиб, қўшимча даромад топишни уддалаб келганлар. Айни вақтда эса бу иш ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, қўшимча имтиёз сифатида кредитлар ажратилиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун барча шароитлар яратилаётгани ушбу тушунчанинг янада мустаҳкамланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, “Каттабоғ” маҳалласида истиқомат қилувчи Пўлат Бегматов ғайратли тадбиркорлардан. У бир ярим сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, турли ҳил кўкатлар парваришламоқда. Пўлат ака томорқасида етиштирилган сара маҳсулотларнинг олдини аллақачон бозорга олиб чиққан бўлиб, дастлабки даромадга ҳам эришишга улгурибди. Камида 7 миллион сўмлик қўшимча даромадни кўзлаб турган ишбилармон уй бекаси билан “№ҳорма-бор бўл” қилиб, саволга тутдик.
– Қарийб 5-6 йилдан бери иссиқхоначилик билан шуғулланамиз, – дейди хонадон соҳибаси Қумри опа Бегматова. – Ҳосилдорлик яхши, келгусида иссиқхона майдонини янада кенгайтириб, экин турларини ҳам кўпайтириш ниятидамиз.
Мўъжазгина ҳовлининг иссиқхона ўрнатилган еридан ташқари яна бир сотих майдонга редиска ва сабзи экилган. Шунингдек, атайин водийдан келтирилган “Ризамат ота” навли узум токлари меҳр билан парваришланмоқда. Анжир, луччак шафтоли, терак кабилар ҳовлини гир айлана ўраб турибди.
-Икки ўғлим, келиним, турмуш ўртоғим билан баримиз оилавий тадбиркормиз, - дейди Пўлат Бегматов. – Ҳозирча йилига икки марта ҳосил оламиз. Яъни, эрта баҳорда экилган кўкатлар ўрнига помидор, бодринг экилса, июнга бориб, қаторасига сабзи ва турп экамиз. Иссиқхона иши эса кеч куздан қайта бошланади. Янги йил арафасида кўкатларимизнинг олди тайёр бўлади. 5 сотихли ҳовлимизнинг бирор қаричини бўш қўймаймиз.
Тадбиркор томорқачининг айтишича олинадиган даромаднинг яхши бўлиши учун 60-70 фоиз муваффақият уруғликка боғлиқ. Лекин кўпинча сифатли ва ишончли уруғлик топиш қийин кечади. 7 миллион сўм эвазига тикланган иссиқхонага 250 минг сўм атрофидаги маблағ сарф қилиниб, уруғлик олинади. Улардан 25 минг донагача редиска кўчати ундириб олинса, даромад ҳам шунга яраша яхши бўлади. Бундаги асосий талаблардан яна бири экилган шивит ва бошқа кўкатларнинг қалин қилиб қўйилмаслигида, кўпроқ даромад оламан, деб қалин майса ундиришга уринилса, кўзланган муддаога эришиш қийин.
Дарҳақиқат, Зоминда томорқа маданияти йилдан-йилга юксалиб, оилалар даромади ошмоқда. Айниқса, Боғишамол, Каттабоғ, Оқтепа маҳаллалари аҳолиси томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган.
– Томорқа маданиятига эътибор фаровонлик демакдир, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг ўринбосари Холмурод Ўринбоев. - Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари ўз самарасини бераётир. Маҳаллаларимиздаги кўпгина хонадонларда иссиқхона бор. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё.
Озгина қунт ва эътибор, озгина ишбилармонлик ва миришкорлик бўлса, кафтдек томорқадан каттагина даромад олиш, ҳам оиланинг бюджетига фойда келтириб, ҳам бозорларимиз фаровонлигига ҳисса қўшиш мумкин экан. Асосийси, бундай хонадонда ишсиз одамнинг ўзи қолмайди. “Қимирлаган қир ошар”, деганларидек, ерга эгилган, эътибор кўрсатган киши кам бўлган эмас. Пўлат Бегматовларнинг оиласи бунга яққол мисол бўла олади.
Хайрулло СИДДИҚОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!