Шароф Рашидов тумани "Эски тошкентлик" маҳалласида яшовчи Абдуқодир Муртазоқулов ўз ҳовлисидаги 4 сотих ернинг 2 сотихини мўъжаз иссиқхонага айлантириб, яхши даромад олаётир.
Меҳнаткаш оила бу ишга 2000 йилда киришган эди. Дастлаб ишни помидор ва булғор қалампири кўчати етиштиришдан бошлаган оилавий миришкорлар кейинчалик иссиқхонада ўсадиган барча зироат билан шуғулланишга ўтди.
2012 йили тижорат банкидан 14 миллион сўм кредит олиб, иссиқхона замонавий тарзда қайта қурилгач, имкониятлар янада кенгайди. Энди йилига уч марта ҳосил олинмоқда. Бундан ташқари, ўсимликлар орасига экилган кўкатлар ҳам қўшимча даромад келтирмоқда.
Оила бу йил иссиқхонада 50 минг туп помидор, булғор қалампири ва бақлажон кўчати етиштириб, 20 миллион сўм даромад қилди. Кўкламда кўчатлар сотиб бўлингач, ўрнига бодринг экилиб, 5 тонна ҳосил олинди. Бодрингдан кўрилган даромад 15 миллион сўмдан ошди. Шунингдек, гул кўчатлари етиштиришдан 15 миллион сўм даромад қилинди.
Айни пайтда иссиқхонада 600 туп помидор, 21 туп мандарин, 21 туп лимон кўчати парваришланмоқда. Эрта кўкламда экишга тайёр бўладиган 1,5 минг туп турфа гул кўчатлари етиштирилаётир.
– Ер – деҳқон хазинаси, – дейди Абдуқодир Муртазоқулов. – Унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Кўчат ва меваларимиз экологик тоза, сифати кафолатли. Шунинг учун барча маҳсулотимизни харидорлар ўзлари келиб олиб кетишади.
Кейинги йилларда вилоятда томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар кўпайиб бормоқда. Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маълумотларига кўра, якунланаётган йилда аҳоли хонадонларида қиймати 949 миллион сўмлик 409 лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми иссиқхоналардир. Айниқса, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида банкдан ажратилаётган кичик кредитлар томорқадан самарали фойдаланишда қўл келмоқда.
Жорий йилнинг тўққиз ойида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 71 фоизи шахсий хўжаликлар ҳиссасига тўғри келди. Шу даврда шахсий хўжаликларда 36 минг тонна картошка, 253 минг тонна сабзавот, 81,2 минг тонна полиз, 36,6 минг тонна мева ва резавор, 105,5 минг тонна узум етиштирилди.
Йил якунида қилинадиган ҳисоб-китоблардан сўнг бу кўрсаткич янада ошиши шубҳасиз. Бугун ички бозорда маҳсулотлар сероблиги ва нарх-наво арзонлиги ҳам шундан далолат беради.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат)
скачать dle 12.0