Жиззах вилоятида жорий йил 87 та корхонада ISO 9001-2015 халқаро стандартига мувофиқ сифат менежменти тизими жорий этилиши режалаштирилган.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимини янада ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, корхоналар экспорт салохиятини юксалтиришга қаратилган аниқ тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, амалдаги стандартларнинг халқаро нормалар билан уйғунлашув даражаси уч йилда 47 фоизга етказилиши таъминланиши, жорий йилнинг ўзида 12 та техник регламент ишлаб чиқилиши мўлжалланган.
Айни пайтда “JIZZAX AGRI TRADE” масъулияти чекланган жамиятининг мош маҳсулотига халқаро Global GAP стандартини жорий қилиш, тўқимачилик маҳсулотларида инсон саломатлиги учун зарарли ҳисобланган моддалар миқдорини аниқлаш, уларни саноатда қўлланилишини чеклаш мақсадида кимёвий лаборатория ташкил этиш ишлари олиб борилаётир. Шу мақсадда “Paxtakor teks, “Jizzax Textile”, “Mirzachul teks”, “Orzu tekstil SV”, “Jizzax kenteks”, “Toshtepa tekstil”, “Nargiza teks”, “Zarista teks” каби йирик тўқимачилик корхоналарига амалий ёрдам кўрсатиш борасида малакали мутахассислар бириктирилган.
“Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида “Маҳсулотлар ишлаб чиқаришда халқаро стандартлаштиришнинг аҳамияти” мавзусида ўтказилган республика семинарида шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Материалшунослик, Полимерлар кимёси ва физикаси, Тошкент кимё-технология институтлари олимлари, Жиззах синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси, вилоятдаги йирик корхоналар мутахассислари, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда янги инвестиция лойиҳаларини, инновацион ғояларни амалга оширишда халқаро сифат стандартларини қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
– Барча турдаги маҳсулотларнинг юқори сифатли ва инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлишини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб вазифа бўлиб турибди, – дейди Жиззах синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси раҳбари А.Холмирзаев. – Кейинги йилларда вилоятда ишлаб чиқариши кескин ривожланаётгани туфайли маҳсулот сифатини назорат қилиш ҳам янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Айни пайтда стандартлаштириш соҳасида илм-фанда эришилаётган ютуқларни, инновацион технологияларни кенг қўллаш, замонавий ўлчаш воситалари билан таъминланган синов лабораториясини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу боис ушбу тадбир амалий аҳамиятга эга бўлди.