Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятида таълим сифати: кеча ва бугун, оғриқли нуқталар ҳақида
25 апрель 2019 г 2 552 Комментарии: 0
Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эркин Авалбаев Kun.uzʼга вилоят халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5538-сонли фармони ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантириш, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқув тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллаш, биз ўқитувчилар кўнглидаги бор дардни ҳис қилган ҳолда қабул қилинган, десам муболаға бўлмайди.
Фармонда ўқитувчининг жамиятдаги мавқейини ошириш, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасаларидаги бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини юксалтириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасини ошириш, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, инновацион ишланмаларни ва ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш зарурлиги белгиланган.
Жиззах вилояти халқ таълими тизимида айни дамда 542 та умумтаълим мактаблари мавжуд. Ушбу таълим муассасаларида 246 минг 906 тага яқин ўғил қизлармиз таҳсил олишади. Уларга 20941 нафар ўқитувчилар дарс бериб келишади.
Таъкидлаш жоизки, бугун педагог кадрлар салоҳияти ачинарли ҳолатда. Олий тоифали педагоглар 3 фоизни, биринчи тоифали ўқитувчилар 12 фоизни ташкил этади.
Бу кўрсаткич билан мақтана оламизми? Асло!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан вилоятимизда март ойида педагогларимиз аттестациядан ўтказилди.
Ўқитувчиларнинг бу йилги аттестация натижаларига кўра, олий тоифали педагогларимиз улушини 3 фоиздан 5 фоизга, биринчи тоифалиларни эса 12 фоиздан 15 фоизга ошириш кутилмоқда. Бу албатта, бизнинг дастлабки ютуқларимиздан бири, деб ўйлайман.
Шу йил вилоятимизда ўтган фан олимпиадасида илк бор янгича тизим синовдан ўтказилди. Унга кўра, ҳар бир синф хонасида овозли видеокузатув, ота-оналар учун эса ташқи кузатув мониторлари ўрнатилди. Шу орқали фан олимпиадасидаги шаффофлик таъминланди. Олимпиада ўтиши борасида ота-оналар томонидан ҳам эътирозли мурожаатлар кузатилмади.
Таълимда АКТни жорий этиш
Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, яқинда халқ таълими бошқармасига бир қатор ҳомий ташкилотлар ёрдамида алоҳида сервер сотиб олдик. Энг муҳими — унинг биринчи босқичини ишга туширдик. Сервернинг имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтаман.
Жиззах вилоятининг энг чекка туманларидан бири Янгиобод тумани вилоят марказидан 190 км узоқликда жойлашган бўлса, Фориш тумани 100 км, Мирзачўл тумани эса 75 км четда жойлашган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, таълим ҳақидаги янгиликларни, ўзгаришларни энг чекка қишлоқ ва овулларига етказиш учун бир ҳафтадан ортиқ вақт кетади. Айнан шу ва бошқа ноқулайликларни олдини олиш учун ҳам биз серверни ўрнатдик.
Бу, албатта, жуда катта имкониятларни беряпти.
Сервер ёрдамида видеосеминарлар, видеоконференциялар ўтказиш билан бир қаторда методик хизмат кўрсатишни онлайн тарзда амалга оширмоқдамиз. Албатта, бу билан чекланиб қолмадик. Ўқувчиларни ҳам билим даражасини аниқлаш доимий мониторинг ўтказиб бориш ўқувчилардаги бўшлиқни аниқлаш ва мустаҳкамлаш учун онлайн тест тизимини ҳам қўллаяпмиз. Бу эса ўз самарасини беришига ишонаман.
Яна шуни алоҳида таъкидлашим мумкинки, педагог кадрларимизни доимий малакасини ошириб бориш методик тавсия бериш мақсадида тез-тез онлайн методик ёрдам беришни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Раҳбар ходимларни жой-жойига қўйиш ва кузатув кенгашлари фаолияти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5538-сонли фармонига мувофиқ, Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 26 декабрдаги 16-мх сонли буйруғи билан “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақида”ги намунавий Низоми тасдиқланган.
Кенгашнинг вазифалари ҳақида тўхталиб ўтаман. Кенгаш 7 кишидан иборат бўлади. Унинг таркибида ўқувчиларнинг ота-оналари, собиқ битирувчилар, ҳомийлар ва нафақадаги педагоглардан ташкил топган. Кенгаш таркиби 3 йил муддатга сайланади.
Мактаб раҳбарлигига биз томондан тавсия этилган номзодлар очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
Кенгашни мен бемалол адолатли тузилма, деб айта оламан. Чунки йиллар давомида таълимнинг ривожланишига халақит бериб келаётган таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, коррупция ҳолатлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан асоссиз аралашувларга чек қўйилганлиги қувонарли ҳол.
Мана яқинда Жиззах шаҳридаги 11-, 14-, 17-умумтаълим мактабларида раҳбарлар айнан кузатув кенгашлари ёрдамида овоз бериш йўли билан сайланди.
Халқнинг, халқ вакилларининг танловига кўра айнан ўша мактабларга педагогларни таниган, билган, ишонган кадрлари раҳбар қилиб тайинланди.
Бугун биз барча таълим муассасаларимизда ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча маблағларни ишлаб топишни йўлга қўйганмиз. Биринчи навбатда мактабларда бўш турган хоналарни ва ошхоналарни ижарага беришни йўлга қўйдик. Тўгараклардан ташқари ўша ҳудудларда спортнинг бир неча турлари бўйича шуғулланишни истаганлар учун машғулотларни ташкил қиляпмиз. Қўшимча маблағ топаётган мактабларимиз сони кўпаймоқда.
Жиззах шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби ўз имкониятлари, интеллектуал салоҳиятидан келиб чиқиб, 50 миллион сўм маблағ топаётганлиги, Зарбдор туманидаги 22-умумтаълим мактаби бўш турган ер майдонида 20 минг дона гул кўчати экиб, қўшимча 30–40 миллион маблағ топганлигини бошқа умумтаълим мактабларига намуна сифатида кўрсатмоқдамиз.
Мен истардимки, барча таълим муассасалари бу имкониятлардан фойдаланишса, фойдадан холи бўлмайди.
2019 йил 19 март куни Республика президенти томонидан ўтказилган видеоселекторда илгари сурилган 5 та ташаббус доирасида мен ҳар бир таълим муассасасида кутубхона, спортзал ва компьютер хоналаридан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Вилоят миқёсида ташкил қилинган китоб акцияси доирасида раҳбарлар томонидан ўзи ўқиган мактабларга совға қилинган китоблар сони 33 мингдан ошди ва ушбу акция ҳамон давом этмоқда.
Шу ўринда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айнан кутубхоналар ва у ердаги ёшлар учун замонавий китобларни кўпайтириш борасидаги фикрларини ўринли деб ўйлайман.
“Мактаб — маънавият ўчоғи! У зиё тарқатмаса, одамлар ундан маънавий озуқа олмаса, унда бу ерни мактаб, дея атай оламиз”.
Гулчеҳра ШАРИПОВА тайёрлади
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!