Жиззах вилояти ҳокимлиги » Вилоят ҳокимлиги » Расмий маърузалар » 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги
01 октябрь 2018 г 66 912 Комментарии: 0
Азиз устозлар!
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", —деган сўзлари фикри-мизнинг яққол тасдиғидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устозлар!
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган бизнинг вилоятимизда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги қувонарлидир.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Айни шу мақсадда ўтган тўққиз ой давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор бўлган фармонлари, қарор ва фармойишлари қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ва худди шу санадаги "Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Рес-публикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори соҳада туб бурилишлар даврини бошлаб берганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бугунги кунда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтилиб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари оптималлаштирилди. Жиззах политехника ва Жиззах давлат педагогика институтларида сиртқи бўлимлар очилиб, мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайди. Нодавлат таълим хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг такомиллаштирилишини узоқни кўзлаб татбиқ этилаётган исло-ҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар албатта ҳаммадан кўра яхши тушунасиз деб ўйлаймиз.
Бугунги кунда вилоятда 542 та умумтаълим мактаблари, 75 та касб-ҳунар коллежлари, 2 та олий таълим муассасаси, 15 та Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 15 та Баркамол авлод болалар ижодиёт марказлари, 187 та мактабгача таълим муассасалари, 19 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мавжуд. Уларда бугунги кунда кўплаб фидоий педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг "Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарорида таълим-тарбияни энг қуйи бўғин — мактабгача таълим муассасасидан бошлаш кераклиги алоҳида таъкидланди. Энг муҳими давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган қарори ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Биргина 2018 йилнинг ўзида вилоятда 135 та нодавлат давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Азиз юртдошлар!
Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.
Бугунги байрамда фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатаётган вилоятимиздаги пешқадам касб соҳибларининг ҳар бирини алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига кўра умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчи ҳамда тарбиячиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар. Жумладан, Янгиобод туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Зулфия Абдуазизова "Меҳнат шуҳрати" ордени билан, Жиззах давлат педагогика институтининг мактабгача ва бошланғич таълим методикаси кафедраси профессори Хамидилла Мелиев II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан, Ғаллаорол туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Рабия Шарипова "Дўстлик" ордени билан ҳамда вилоят ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс бўйича мураббийи Бахром Ашуров, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Мухайё Қувватова, Арнасой туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Сайёра Расуловалар "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасини юксак мукофотлар билан қизғин табриклайман!
Ҳурматли устозлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзанд-лари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчи ва талабаларингиз ҳузурига — синф хоналарига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!
Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
Вилоят ҳокими Эргаш САЛИЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!