» » Жиззахда китоб ҳафталиги бошланди

Жиззахда китоб ҳафталиги бошланди

14 май 2019 г 1 847 Комментарии: 0

Жиззах вилояти ҳокимлиги Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази билан биргаликда "Китоб, бу – билимлар уммони” шиори остида ҳафталик ўтказаётир.

Президентимиз жорий йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ушбу ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишни кучайтиришга қаратилган ҳафталикни ўтказишда вилоят маданият, халқ таълими, касб-ҳунар таълими, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, олий ўқув юртлари, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилот, муассасалар иштирок этмоқда.
1-faqat saytga..jpg
Шунингдек, ҳафталикда қатнашиш учун пойтахтимиздан бир гуруҳ шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, санъаткорлар ташриф буюрди. Пойтахтлик ижодкорлар Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкалларини зиёрат қилиб, уларнинг музейлари билан танишди.
Ҳафталикнинг дастлабки тадбири Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳовлисига китобхонларни чорлаш билан бошланди. Ҳовли китоб тарғиботига бағишланган деворий лавҳалар, шиорлар, баннер ва турфа гуллар билан байрамона безатилган. Бу ерга эрталабдан 700-800 чоғли китоб ихлосманди тўпланди. Уларнинг асосий қисми ёшлар – талабалар, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари бўлди.
4.jpg
Тадбир иштирокчилари шу ердан марказий кўча бўйлаб қўлларида китобхонликка чақирувчи плакатлар, лавҳа ва китоб макетларини кўтарганча юришни бошлади. Йўл давомида улар сафи кўпайиб, тадбир ўтказиладиган манзил – Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театри қаршисига етиб келгунча 1000 нафарга яқинлашди.
Вилоят театрида "Китоб, бу – билимлар уммони” ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлди. Вилоят ҳокими ўринбосари Б.Тўхтамишев, ёзувчилар Нурали Қобул, Турсун Али, Нормурод Норқобилов, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ва бошқалар иштирокчиларни китоб байрами билан табриклади.
7.jpg
Вилоят театри ижодкорлари мумтоз ва замонавий адабиётимиз намояндалари асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этди. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Жалолидин Мангуберди, Чўлпон, Ҳамид Олимжон ва Зулфия образлари орқали ўқилган илм-маърифатга, зиёга, ватанпарварликка чорловчи шеър, ғазал ва монологлар иштирокчилар олқишига сазовор бўлди.
Тадбир доирасида китобхонлар билан мулоқотлар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Фаол китобхонлар тақдирланди.
8.jpg
– Ушбу ҳафталик Президентимизнинг ёшлар тарбиясида китобхонликнинг аҳамиятини ошириш бўйича янги ташаббусини амалга оширишдаги биринчи йирик тадбир, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ҳафиза Қудратова. – Вилоят ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳафталикнинг биринчи кунги тадбирлари мазмунли, китобхонларнинг юксак фаоллиги билан ўтди. Аҳоли, айниқса, ёшларда мутолаа маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган саф юришида кутганимиздан ҳам кўпроқ киши қатнашди. Бу халқимизда китобхонлик анъаналари ҳамон яшаб келаётгани далилидир.
11-faqat saytga.JPG
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва вилоят кутубхоналарининг кўчма кўргазмалари, китоб-ярмарка савдолари ташкил этилди.
"Китоб, бу – билимлар уммони” шиори остидаги ҳафталик вилоят туманларида давом этади. Маданият масканлари ва таълим муассасаларида ижодий учрашувлар, мушоиралар, китоб тақдимотлари, давра суҳбатлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!