» » Жиззах вилоят эндокринология диспансери аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқдами?

Жиззах вилоят эндокринология диспансери аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқдами?

13 июнь 2019 г 2 549 Комментарии: 0

Халқимиз соғлиғини сақлаш, соғлом турмуш кечиришига эришиш  тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Шунинг учун ҳам  соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифасига айланди.

Бу борада вилоятимизда ҳам тизимли тадбирлар амалга оширилаяпти. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини ошириш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб турганлиги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш имконини яратаётир. Тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминотини яхшилашга,  аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга эътибор кучайтирилаётганлиги ижобий натижалар кўрсатаётир.

1974 йилда фаолият бошлаган вилоят эндокринология диспансери ана шундай шифо масканларидан биридир. Дастлаб 50 ўринли, 50 қатновга мўлжалланган шифохона мустақиллик йилларида тиббиёт соҳасига қаратилган катта эътибор натижасида ҳар жиҳатдан ривожланди. Беморларга кўрсатилаётган хизматлар даражаси ошди. Кадрлар салоҳияти  юксалди.  Юртбошимиз раҳнамолигида барча тиббиёт муассасалари қатори эндокринология диспансери ҳам ёш, интилувчан ва ташаббускор кадрлар билан тўлдирилди.

—Бир неча йилдирки, шифохонада даволанаман,—дейди зоминлик Бахром Анқаев. —Яқинда навбатдаги даволаниш муолажаларига келиб шифохонани танимай қолдим, десам ишонаверинг. Шифокорларнинг муомиласи, ширинсуханлигини қўяверинг, яратилган шароитлардан лол қолдим.

Эътииборли томони шундаки, шифохонага 2017 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб соҳада катта тажрибага эга бўлган малакали мутахассис Озодбек Мавлонов раҳбар этиб тайинлангандан кейин диспансерда катта  ўзгаришлар кузатила бошланди. Шифохонага кузатув камералари ўрнатилиб,  беморларни доимо назорат  қилиш имконияти туғилди.

—Бош врач ташаббуси билан шифохонамиз умуман янгича, замонавий кўриниш касб этди,—дейди даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари Дилдора Одилова.—Беморларга кўрсатилаётган хизмат сифати оширилди. Дори-дармонлар таъминоти яхшиланди. Тиббий жиҳозлар янгиланди. Буларнинг барчаси даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.

  Шифохонанинг электр таъминотида ҳам жиддий муаммолар бор эди. Шамол ёки ёмғир ёғса, албатта таъминотда узулиш юз берди. Бу муаммо ўтган йил январь ойида шифохона учун алоҳида 160 кВли трансформатор ўрнатилиши билан батамом бартараф этилди.

—Қантли диабетдан  азият чекаётганлигимга анча йиллар бўлди,—дейди зарбдорлик Рахматилла Бойбеков. —Ҳар олти ойда бир халта дори-дармон билан келиб даволанар эдим. Бугунги кунда шифохонада беморларга бўлган муносабат тамоман ўзгарибди. Ўзингиз билан дори-дармон олиб келишга ҳожат қолмабди.   Бундан ниҳоятда хурсанд бўлдим.

2018 йил бошидан диспансерда аҳолининг ётиб даволанишлари самарадорлигини ошириш мақсадида барча қулайликларга эга 9 та сервис палаталари ташкил этилди. Шифохонанинг ошхонаси, санитария узеллари иссиқ-совуқ сув билан мунтазам таъминланди. Беморлар ҳолидан хабар олувчилар учун қулай имкониятлар яратилди. Энг муҳими,  диспансернинг шифохона бўлими 80 ўринга кенгайтирилди. 2 та бўлим— диабетология  ҳамда умумий ва болалар эндокринология бўлимлари ташкил этилди.

—Хоналарнинг тинч ва осудалиги олаётган муолажаларимиз самарасини ошираяпти,—дейди Шароф Рашидов туманидаги Равот қишлоғидан келиб даволанаётган Қўчқормурод Султонов. —Барча шароит хонанинг ўзида муҳайё этилганлиги беморлар дарддан тезроқ фориғ бўлишларини таъминлаяпти.

—Қўчқормурод ҳақ гапни айтди,—дейди бахмаллик Ўрозмат Ҳакимов. —Бу гал даволанишга келиб имкониятлар кенгайганлигини кўриб мамнун бўлдим. Шифокорлар ширин сўз билан дорисиз даволашади, қўллари дард кўрмагурлар. Шундай имкониятиларни яратиб бераётган Президентимизга минг рахмат.

Айни пайтда шифохонанинг умумий қиймати 13 миллиард сўмлик янги биноси жадал қурилаяпти. 120 ўринга мўлжалланган мажмуага қиймати 700 миллион сўмлик замонавий тиббиёт жиҳозлари ўрнатилади. Янги бино ишга тушса, кўрсатиладиган хизмат даражаси ошиб, имкониятлар кўлами кенгаяди.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!