2019 йилнинг 6 ойида Дўстлик туманидаги 4 та секторлар раҳбарлари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудларда яшовчи фуқаролар билан 72 маротаба оммавий қабул тадбирлари ўтказилди. Оммавий қабулларда аҳоли томонидан энг долзарб ва ўткир муаммолар кўтарилмоқда.
Шундай учрашувлардан бирида Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи Абдували Саримсоқов аҳолининг кўп йиллик муаммоси бўлган дренажларни ишга тушириш лозимлигини айтган эди. Маҳалла аҳли ёғин-сочинли даврларда жуда қийналар, ер ости сизот сувининг юқорилаб кетиши натижасида уйлар ҳамда маъмурий биноларнинг ер тўлалари сув билан тўларди. Муаммо кўтарилганидан кейин алоқадор ташкилот ва идоралар мутасаддилари билан жойига чиқиб ўрганилди.
Ушбу муаммо туман Халқ қабулхонаси ва 3-сектор раҳбари И.Нурматов томонидан туман ҳокимлиги даражасида кўтарилди.
Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан тегишли ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳомийлиги асосида дренаж тизимининг Дўстлик қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ҳовлиси, “А.Саркисов” каналининг ва Арнасой туманига олиб борувчи йўлдан “Мевазор” ҚФЙга ўтувчи қисмларидаги эски қувурлар тўлиқ янгиланди. Натижада маҳалла ўртасида тўпланиб, атрофга бадбўй ҳид таратган сизот сувлар тўпланиб қолишига барҳам берилди.
Ўтказилган сайёр қабулларда шу каби кўплаб муаммолар ҳал этилмоқда.
Тадбирларда иштирок этган 2959 нафар фуқаронинг 639 нафари ўзларининг 803 та муаммоли масалалари юзасидан мурожаат қилган. Ушбу мурожаатлардан 466 таси ўрганиб чиқилиб, қаноатлантирилган. 294 таси бўйича фуқароларга асосли тушунтиришлар берилган, 43 та мурожаат эса ҳозирги кунда ижрочи ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Ушбу рақамларни 4 та секторлар кесимида кўриб чиқарканмиз, 1-сектор раҳбари туман ҳокими Улуғбек Узоқов олти ой мобайнида 20 та сайёр қабул ўтказган. Унда фуқаролардан 218 та муаммоли масалалар юзасидан мурожаатлар бўлган. Мурожаатларнинг 135 таси ижобий ҳал этилиб, 81 та мурожаат бўйича фуқароларга асосли тушунтиришлар берилган. 2 таси айни пайтда ўрганилмоқда.
Туман прокурори Акбар Сакиевга бириктирилган 2-сектор ҳудудида 18 та сайёр қабул ташкил этилган. Уларда 175 та муаммоли масалалар кўтарилган. Мурожаатларнинг 104 таси ижобий ҳал этилган, 59 таси бўйича фуқароларга асосли тушунтиришлар берилган, қолган 12 та мурожаатлар ўрганиляпти.
3-секторга раҳбарлик қилаётган туман ИИБ бошлиғи И.Нурматов аҳоли билан 18 та учрашув ўтказиб, фуқаролардан 194 та муаммоли масалалари тушган. 123 та мурожаат қаноатлантирилган, 55 таси бўйича фуқароларга керакли маслаҳатлар берилган, 16 та мурожаатлар эса ўрганилмоқда.
Туман ДСИ бошлиғи Р.Бегимқулов 4-сектор ҳудудидаги аҳоли яшаш манзилларида 16 та сайёр қабуллар ташкил этган. Учрашувлар давомида 216 та муаммоли масалалар юзасидан мурожаат қабул қилинган. Айтилган мурожаатларнинг 104 таси ўрнида ҳал этилган. 99 таси тушунтиришлар берилган, 13 та мурожаатлар эса ўрганилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган жадвал асосида 2019 йил 4 апрель куни Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев томонидан аҳоли билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Номоз Холмуродов Чинобод маҳалласида жойлашган 24 та барак уйлар бузилишга тушганлиги сабаб 150 та хонадонларда яшовчи 600 нафарга яқин фуқароларни тақдирига аниқлик киритишни сўраган.
Мурожаат юзасидан ҳозирги кунда Дўстлик тумани ҳокимлиги томонидан ушбу хонадонларда яшовчи 40 та оилага уй-жой қуриш учун 3 сотихлик ер майдонлари ажратилди. Туман ҳокимлиги ҳомийлигида ишлаб чиқилган лойиҳа асосида аҳоли томонидан уй-жойларга пойдеворлар қўйилиб, деворлари кўтарилмоқда.
Қолган 120 та оилаларни уй-жой билан таъминлаш учун Дўстлик шаҳри А.Навоий маҳалласи ҳудудида 4 та 4 қаватли уйлар барпо этилиши режалаштирилиб, ушбу уйларнинг пойдеворларини қуриш ишлари бошланди.
Бу каби ижобий ҳал этилган масалаларни кўплаб келтириш мумкин. Таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган тадбирлар шунчаки ҳисобот учун эмас, аҳолининг муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этишга қаратилган.
Ғайбулла ПАРМАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Дўстлик тумани Халқ қабулхонаси мудири
скачать dle 12.0