Жиззахда икки юз қирқ уч миллион сўм ёлғон қарздорлик аниқланди
18 июль 2019 г2 007Комментарии: 0
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига келиб тушган баъзи мурожаатларни кузатиб, шундай бўлиши ҳам мумкинми, деган савол қийнайди. Сабаби баъзи бир асоссиз қарздорликлар ишониб бўлмас даражада қўйиладики, инсон бехос ҳайратдан ёқа ушлайди.
Жиззах вилоятида бўлган воқеани кузата туриб, вилоят электр таъминоти корхонаси раҳбарлари юртбошимиз таъбири билан айтганда, “ердан оёғи узилган раҳбарларданми?!” дея ўйлаб қоласан киши. Акс ҳолда Жиззах шаҳар “Зилол” маҳалласида яшовчи Севара Абдуллаева хонадонига ўз-ўзидан асоссиз равишда 243847148 сўм қарздорликни тиргаб қўйиши мумкинми?
Федерацияга мурожаат қилган Севара Абдуллаева унинг номига ёзилган бу қарздорлик умуман ёлғон эканлигини, ҳолатга аниқлик киритишни сўраган. Мутасаддилар барча ҳужжатларни ўрганиб, қайта ҳисоб-китоб қилар экан, ушбу қарздорлик нореал деб топилди.
Энг қизиғи С. Абдуллаева электр энергияси учун олдиндан 214947 сўм ортиғи билан тўлов қилган экан.
Хулоса ўрнида “ана холос” дея ҳар ой тўловни ортиғи билан тўлаб “қарздор” деган номга қолсангиз, федерацияга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқингизни тиклашни унутманг, дейишдан бошқа гап айта олмаймиз.