Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти ХАБАР ҚИЛАДИ
12 ноябрь 2018 г 4 976 Комментарии: 0
Ҳа, адолатсизликка дуч келмаса, одамлар аризабозлик қилмайди. Шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятига келаётган мурожаатларни ўрганиш натижалари ҳам бу фикрни тасдиқлаб турибди.
Ғаллаорол тумани, "Шодлик" маҳалласида яшовчи Феруза Жиянбоеванинг Жиззах шаҳар прокуратурасига ёзган мурожаати текшириш ва ўрганиб чиқиш учун шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятига юборилган эди. Феруза Жиянбоева ўз мурожаатида шаҳримиздаги "Заргарлик" маҳалласида жойлашган "Зебо" савдо мажмуасидан "ROYSON -28" русумли музлатгични бир миллион 850 минг сўмга харид қилганлиги, аммо орадан бир ой вақт ўтиб музлатгич ишламай қолганлиги тўғрисида баён қилган. Бу ҳақда истеъмолчи телефон орқали сотувчига мурожаат қилганида, сотувчи унга қандай йўл тутиш ҳақида маслаҳат беради. Хонадонга чақирилган уста эса музлатгич суюқлиги (фреон) оқиб чиқиб кетганлигини айтади. Истеъмолчи ёнидан пул сарфлаб музлатгични сервис марказига олиб боришидан ҳам наф чиқмайди.
Шаҳар Истеъмолчилар ҳу-қуқини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари сотувчига Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни 4- ва 13-моддаларига асосан истеъмолчининг ҳуқуқларини тушунтиришди. Ўртадаги келишмовчилик бартараф этилиб, истеъмолчига сифатсиз музлатгичнинг пули тўлиқ қайтарилди.
ПУЛ ЭГАСИГА ҚАЙТАРИЛДИ
Шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятига Шароф Рашидов тумани, Навоий С.Ф.У, А.Икромов кўчасидаги 106-уйда яшовчи А.Қўшназаров "UMS" компанияси фаолиятидан норози бўлиб мурожаат қилди.
А.Қўшназаров анча вақтдан бери "UMS" абоненти эканини ва унга тегишли телефон рақами ҳисобидан 2018 йил давомида икки марта асоссиз 1.5 -2 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ноўрин ечиб олинганлиги ҳақида шикоят қилган. Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам асоссиз равишда истеъмолчи телефон рақами ҳисобидандан 4.1656 АҚШ доллари ечиб олинганлиги маълум бўлди. Кўрсатилмаган хизмат учун ечиб олинган маблағ истеъмолчи телефон рақамига тўлиқ қайтарилди. Бундан ташқари "UMS" компанияси ходимлари компания томонидан йўл қўйилган ноқулайликлар учун А. Қўшназаровдан узр сўради ва унинг телефон рақамига текин бонус дақиқалар берилди.
Гулбаҳор МУСИНОВА,
шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя
қилиш жамияти ахборот -матбуот
маркази мутахассиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!