Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Арнасойда “Илғор ҳудуд” лойиҳасига бағишланган йиғилиш бўлибди (видео)
23 июль 2019 г 2 161 Комментарии: 0
Арнасой туманида “Илғор ҳудуд” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини жадаллаштиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, мамлакатимиз Президентининг Халқ қабулхонаси, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, Арнасой тумани ҳокимлиги, тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда корхона ва ташкилотлар, молия муассасалари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Муҳиддин Жўраев бошқариб борди.
Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомидаги топшириғи ҳамда жорий йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида Ички ишлар вазирлиги Жиззах вилоятининг Арнасой туманида “Илғор ҳудуд” дастурининг бажарилишига масъул этиб белгиланган. Шу маънода, туманда қурилаётган ва таъмирланаётган ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларининг ҳар бирига ташкилотчилик ва назорат мақсадида ички ишлар органларининг турли лавозимдаги ходимлари бириктирилган.
Йиғилишда Муҳиддин Жўраев дастурнинг бажарилишига алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъулларнинг ҳисоботларини тинглади. Шу асосда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштиришга ишчи кучи, зарурий техникалар жалб этиш, молиявий ресурслар, қурилиш материаллари, эҳтиёт қисмлар ажратиш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди.
Худди шундай, ички ишлар вазирлиги маблағлари ҳисобидан барпо этилаётган кутубхона, мактабгача таълим муассасаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати биносида амалга оширилаётган ишлар сифатини таъминлаш масаласига тўхталиб ўтилди. Ҳар бир иншоотнинг фойдаланишга топшириш муддатлари ҳамда қурилишлар сифати ва суръатини ошириш чоралари белгиланиб олинди. Умуман олганда, Арнасойни илғор ҳудудга айлантиришга қаратилган тадбирларни 20 августгача якунлаш кўзда тутилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!