Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Шаров Рашидов тумани ҳокимлиги ташаббуси билан бир оиланинг орзулари ушалмоқда
21 август 2019 г 1 924 Комментарии: 0
У билан илк бор “Соғлом авлод учун” ҳалқаро ҳайрия фонди тадбирлардан бирида танишгандим.
Нигоҳлари тийрак, қарашлари самимий, содда ва дилкаш бу аёл ҳаёт унга тақдим этган ҳар қанча қийинчиликларга қарамай шукр ва сабрни ёддан чиқармайдиган бардош ва матонат эгаси ,исми жисмига монанд Раъно – Раъно Пирназаровадир !
Ш.Рашидов туманида истиқомат қиладиган, ҳикоямиз қаҳрамони бирон бир ташкилотнинг раҳбари ёки таниқли бирон бир олий мукофот эгаси эмас, балки жуда оддий аёл. Аслида қийинчиликларни сабр ва матонат билан енгиб кеча-ю кундуз фарзандлари учун елиб югурадиган уларнинг келажаги, соғлиғи учун жонини ҳам беришга ҳам тайёр бу аёлга энг катта мукофот ҳам кам. Агар сабр ва бардош, матонатга мукофот берилганда эди бу аёлни биринчилардан ана шундай рўйхатга киритиш мумкин.
Раъно Пирназарова билан суҳбатимиз ноодатий бошланди. Нега десангиз, у дастлаб ўзи ҳақида эмас, тез–тез келиб турадиган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ш.Рашидов тумани таянч пункти раҳбари Захро Мўминова ҳақида бўлди.
- Захро опани жуда яхши кўраман, келинг, сизга улар ҳақида гапириб бераман. Опа билан айни ҳаётимда рўй берган қийин кунларимда танишганман. Аслида улар ҳақида аввал ҳам эшитгандим, аммо ҳеч учрашиш насиб қилмаган эди. Беш нафар фарзандим бор турмуш ўртоғим касаллик туфайли вафот этди. Беш боланинг ғам ташвиши зиммамда қолди. Кўргуликни қарангки икки фарзандим ногирон туғилди. У кунларни ёдга олсам кўзларимга ёш келади (йиғлайди). Ўғилларим Сирожбек ва Жавлонбекни у касалхонадан бу касалхонага олиб боришим. Дори дармонга пулнинг етмаслиги, барча –барчаси кўз ўнгимда гавдаланаверади, шукр яхшиларнинг кўмаги ва ҳукуматимизнинг меҳрибончилиги билан Жавлонжон икки марта Германияда даволаниб келди.
Сирожбекни эса Кореялик мутахассис шифокорлар оперция қилишди. Бугун ўғилларим оёққа турди. Сирожбек юраяпти. Жавлонбекнинг эса ташхиси бироз оғирроқ бўлгани боис даволанишда давом этмоқда. У бир неча йиллар мактабда таълим олмади, айни кунда ўқишини давом эттириш ниятидамиз. Биласизми бугун Ш.Рашидов тумани ҳокимининг саъй ҳаракати ва Захро опанинг беминнат ёрдамлари билан ўғлимга ногиронлик нафақасини тўғрилаяпман. Шу ногиронлик нафақасини оламан деб кирмаган эшигим қолмади. Ахир боламни касали аниқ. Дори дармонига ярар дейманда. Аллоҳга беҳисоб шукр мени шундай яхши инсонларга рўпара қилди. Неча йиллардан бери ўз уйим йўқ. Ижарада яшаб шу болларимни даволатдим. Жудаям қийналдим. Яқинда бир қувончли хабар эшитдим менга Ш. Рашидов тумани хокими З.Мирзаевнинг ўзлари ҳомийлик қилиб тез орада кўп қаватли ўйлардан ажратадиган бўлишибди. Рўйхатга қўйишибди. Жудаям хурсанд бўлдим. Ишондим.
- Орзуларим жуда кўп. Қувонганим шуки, уларнинг навбати билан амалга ошаётгани. Ҳеч қачон ўзим мустақил юра олмасам керак деб ўйлардим. Даволанишни истардим. Онажонимни саъй ҳаракатлари ва меҳрибон инсонларнинг шарофати туфайли бугун юраяпман. Ҳали оёққа тўлиқ турдим дея олмайман. Оғриқлар бўлсада юришни бошлаганим суюнтиради мени. Ўқиш ва турли тўгаракларга иштирок этиш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман. Ҳаётимда жуда кўп омадли тусодифлар учраётганидан бахтлиман. Бундай тасодифларни кўпини айтишим мумкин. Менинг онам жуда меҳрибон аёл. Мен вояга етсам албатта тадбиркор бўламан. Чунки тадбиркорларни пули кўп бўлади. Онажонимни даволатаман. Чиройли кўйлаклар олиб бераман. Катта уйимиз бўлади. Ҳаммамиз шу ерда яшаймиз.
Боланинг ҳаяжонларидан, содда ва беғубор орзуларидан, қувончидан биз ҳам қувондик рости. Кўзлар алдамайди дейишади. Қаҳрамонимизнинг кўзларида яшашга бўлган интилишни, ишончни кўриб таъсирландик.
- Одамларни яхши кўраман. Яхши одамларни яхши кўраман. Яхшилар билан ҳамсухбат бўлгим келади.. Жуда кўп дўстлар ортирдим. Атрофимни ўзим истагандек инсонлар кўплиги қандай яхши.Германияда ҳам кўп дўст орттирдим. Шифокорлар ва даволанётган болалар билан суҳбатлашиб немис тилини ҳам оз-моз ўргандим. Уйда ака-укаларм билан биргаман. Улар билан куним қандай ўтганини ҳам сезмайман. Кимгадир керакли бўлиш, ва яқинларинг билан бирга бўлишдан завқланишдан ортиқ бахт борми? –дейди Жавлон Юсупов.
“Раъно жуда меҳрибон, оқкўнгил аёл,- дейди биз билан суҳбатда “Соғлом авлод учун” ҳалқаро хайрия фонди Ш.Рашидов туман пункти раҳбари Захро Мўминова. Ҳаётда жуда қийналган, буни инкор этиб бўлмайди. Аммо шу билан бирга ўзлигини йўқотмаган камсуқум, меҳрибон аёл. У мени шу ерга қидириб келганида дардини эшитдим. Бирга муаммоларини ҳал қилишга келишдик. Умидлари сўнган аёл эди у, бугун кўриб турганингиздек кўзлари порлаб турибди. Мен шу дақиқаларда Ш.Рашидов тумани ҳоким З.Мирзаевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бизга мана шундай хоналарни ажратиб таъмирлаб барча шароитларни яратиб беришда кўмакчи бўлди. Бу ерга келган ногирон болалар оналар учун барча шароитлар мужассам, Жавлонбек ҳам тез–тез келаяпти хоналаримизда болалар учун барча шароитлар яратилган. Дори дармонларига имкон қадар ёрдамлашиб турибмиз. Боладаги меҳр ва яшашга бўлган иштиёқ унинг онаси Раънохон туфайли. Раъно кеча кундуз ишлаб фарзандлари келажаги учун қайғураяпти. Ишонинг матонатли аёлларимиз борлиги мени жуда таъсирлантиради. Мунис меҳрибон аёлларимиз бор бўлишсин.
“Жавлонжон ўғлим жудаям ақлли бола. У Совға қилишни яхши кўради. Орзулари жуда кўп. У тенгдошларидан ажралиб туради. Болалигида “Тизза бўғими вегус деформацияси” хасталигига чалинган. Аммо ҳеч ҳам тушкунликка тушмади. Иродали ва матонатли ўғлим билан фахрланаман. У келажакда тадбиркор бўламан дейди. Шифокорлар унинг яхши овқатланишини, вақтида дори дармонларни қабул қилишини қайта ва қайта таъкидлашган. Баъзида унга шифокорлар айтган озиқ овқатларни етказиб беролмаганимдан ўксиниб кетаман. Шундай ҳолатлар бўладики, унга бор пулимга егулик сотиб олиб келиб берсам шуни ҳам укалари билан баҳам кўради. У жудаям ақлли, меҳрибон.
Азиз ўқувчи, балки бугун сиз эгнингизга янги кўйлак олмаганизга хафа бўлаётгандирсиз, ёки ўтган йилги пойабзални янгиламаганизга дилингиз хуфтондир. Оёғингизни қисаётган пойабзалда юриб чарчаётганизни айтиб нолиётгандирсиз балки. Аммо орамизда оёғи йўқ инсонлар, ўша чарчашга зорлар борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Бизнинг Жавлонбек Юсупов, афсуски ана шундай имкониятлардан чекланган қаторида эди, оналик меҳри ва яхшилар саховати туфайли бугун у оёққа турди. Раъно опа фарзандлари билан шароити йўқ бир хоналик кулбада яшасаларда асло ноумид эмаслар. Улар мана шу кунига ўтаётган ҳар бир дақиқаларига шукр қилади. Бир уни ҳаммаси яхши бўлиб кетишига ишонишади.
Жавлоннинг болаларча беғубор тоза ва самимий фикрларидан, орзуларидан руҳландик.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!