» » ПРЕЗИДЕНТ НАЗАРИ ТУШГАН ЖОЙ

ПРЕЗИДЕНТ НАЗАРИ ТУШГАН ЖОЙ

24 август 2019 г 2 563 Комментарии: 0

«Фориш – имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа туманлардан бир оз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларидан тўғри фойдаланилса, туман иқтисодиётини бир неча баробар юксалтириш мумкин».

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 январдаги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги Фармони билан 2019 йил 1 мартдан Жиззах вилоятида, жумладан, Фориш туманида ҳам «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30-31 январь кунлари вилоятимизга шу жумладан Фориш туманига ташрифи чоғида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қатор топшириқлар берди.

Бугун туманда «Обод қишлоқ» дастури ва «Илғор ҳудуд» лойиҳаси доирасида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. 1936 йилда ташкил этилган туманда битта-иккита бинони ҳисобга олмаганда бирорта ҳам кўзга ташланарли бино йўқ эди. Туман марказидаги Амир Темур кўчасида барча бинолар 40-50-йилларда лой гувалакдан қурилган, кўримсиз, пастқам бинолардан иборат эди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ», «Илғор ҳудуд» лойиҳа ва дастурларида белгиланган эзгу ишлар кўламининг кенг қулоч ёяётганлиги халқимизнинг турмуш маданиятини ошириб, фаровонлигини юксалтираётир.

Туманда инфратузилма иншоотлари, йўл ва кўчалар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотларидаги камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди. Ана шу камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ижтимоий инфратузилмани замон талабларига мослаштириш, аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этилмоқда.

Бугун тумани маркази Боғдон шаҳарчасига кириб келган ҳар бир киши қизғин меҳнат жараёнига гувоҳ бўлади. Амир Темур кўчаси икки тарафида шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган бино ва иншотлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Амир Темур кўчаси бўйлаб 5 километр масофадаги эски, бири баланд, бири паст, кўримсиз дўкон-у расталар бузилиб, ўрнига замонавий кўркам бинолар, савдо мажмуалари, 4 қаватли турар-жойлар замонавий кўркам бинолар қурилиши давом эттирилмоқда. Икки қаватдан иборат бўладиган, ҳар жиҳатдан қулай биноларда тадбиркорлик субъектлари аҳолига 10 дан зиёд хизмат турларини таклиф этади ва 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Йўл бўйида қурилаётган бино ва иншоотлар ўзига хос меъморий ечимга эгалиги билан ажралиб туради. Бир-бирини такрорламайди. Бирида миллийлик мужассам бўлса, яна бирида замонавийлик акс этиб туради.

– Амир Темур кўчасида 50-йилларда қурилган бино ўрнида икки қаватли замонавий, кўркам бино бунёд этдик, – дейди «Абдуваҳоб Соҳибкор» фермер хўжалиги раиси Абдували Неъматов. – Боиси фермер хўжалигимиз узумчилик, мева-сабзавотчилик ҳамда полизчилик билан шуғулланади. 300 гектар еримиз бор. Етиштираётган мева ва сабзавотларимизнинг бир қисмини бозорларда сотишга улгурмай нобудгарчиликка йўл қўяётгандик. Ана шуларни ҳисобга олиб икки қаватли бинонинг ертўласини мева ва сабзавотларни сақлайдиган музхонага мўлжалладик. Биринчи қават савдо повилиони бўлиб, даладан янги узилган узум, турли мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан савдо қилади. Иккинчи қаватга меваларни қуритадиган ва қадоқлайдиган ускуналар ўрнатамиз. Қуритилган ва қадоқланган мева-чеваларни хорижга экспорт қилмоқчимиз. Айни кунда бинода сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Барча ишлар ниҳоясига етгач 20 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

– Туман марказидаги 40-йилларда қурилган эски кўримсиз бинода аҳолига маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланардик. Эски бинони бир томонини таъмирласак, яна бир тарафи бузилиб бораверарди. Анча маблағимиз бинони таъмирлаш ишларига кетарди, – дейди хусусий тадбиркор Мария Фозилова. Эски бинони бузиб, ўрнидан икки қаватли янги бино қурилишига киришдик. Туман ҳокимлиги шағал, тош, қум, цемент олиб келиб бериб ёрдам беряпти. Бундан ташқари бизга туманимиз марказида бўш турган жойдан қўшимча ер ҳам ажратилди. У ерда икки қаватли савдо мажмуасини ҳам бунёд этяпмиз. Мақсадимиз белгиланган ишларни амалга ошириб, 30 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш.

«Илғор ҳудуд» синов лойиҳасига кўра, туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратилган комплекс чора тадбирлар ва инвестиция лойиҳаларидан ташқари, марказни қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Лойиҳа доирасида «Ўзбекистон» маҳалласидаги 20 та кўп қаватли уйларнинг том қисми ва ташқи кўриниши таъмирланди. Ҳар бир хонадоннинг иссиқлик билан таъминлаш тизими алмаштирилиб, ҳар бир хонадон учун алоҳида қозонхоналар ўрнатилди ва бу борадаги муаммолар тўлиқ барҳам топди. Уйлар ҳовлиларида болалар ўйнайдиган майдончалар ташкил этилди.

– Туман марказидаги «Боғдон», «Ўзбекистон» ва Э.Камолов маҳаллаларида 10 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улар учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ҳар бир маҳаллада, ҳар бир кўчада бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Бундай ўзгаришларни кўриб дилингиз яйрайди, – дейди «Боғдон» маҳалласида яшовчи Сорабек Қурдошев.

Амир Темур кўчасининг икки тарафида 4 та тўрт қаватли уй қурилиши ҳам бошлаб юборилган. Келгусида туман марказига зеб бериб турадиган ушбу уйларнинг биринчи қаватида кўплаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолияти йўлга қўйилади. Йил охиригача бу ишлар якунланиб, 100 дан зиёд оилаларга қулай шароитларга эга уйлар калитлари топширилади.

Туманда алоҳида бинода фаолият кўрсатаётган туғруқ комплексининг йўқлиги тиббиётчиларга анча ноқулайликлар келтираётганди. Президентимиз раҳнамолигида ана шу муаммолар барҳам топиб, туман марказий шифохонаси ёнида 50 ўринли туғруқ комплекси қурилиши жадаллик билан олиб бориляпти.

Туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик кўлами шунчалик каттаки, туман ташкил этилгандан буён ўтган саксон уч йил ичида ҳам бу қадар кенг кўламли ишлар амалга оширилмаган десак янглишмаган бўламиз.

Биргина шу йилнинг ўзида бунёд этилаётган янги деҳқон бозори, туман прокуратураси, «Трастбанк», 8 та умумтаълим мактаблари учун қўшимча бинолар, спорт мажмуаси, янги ўйингоҳ, эски деҳон бозори ўрнида бунёд этиладиган болалар экопарки, янги намунавий уй-жойлар массивидаги истироҳат боғи, анфитеатр, 6 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси, туман аҳоли дам олиш маркази биноси, 2 та давлат мактабгача таълим муассасалари биноларининг капитал реконструкция қилинаётгани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари шулар жумласидандир.

«Илғор ҳудуд» лойиҳаси асосидаги ишларнинг катта қисмини аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш сифати ва даражасини ошириш тадбирлари ташкил этади. «Боғдон», Э.Камолов номли ҳамда «Ўзбекистон» маҳаллаларида 5 та ижтимоий соҳа объекти, 9 та маъмурий бино, 30 та тадбиркорлик субъекти биноси, намунавий тўрт қаватли уй ҳамда 21 та икки қаватли уйлар янгидан барпо этилмоқда ёки таъмирланмоқда. Бу ишларни қисқа муддатда якунлаш учун 600 нафардан зиёд ишчилар ва техникалар жалб этилган.

Шу маънода биргина электр энергияси таъминоти соҳасида 1 млрд. 700 миллион сўмлик иш бажариш кўзда тутилган. Бунда 27 километрдан зиёд ҳаво тармоқлари реконструкция ва модернизация қилинади.  728 та янги бетон таянчлар ўрнатилиб, 22 та трансформатор пунктлари қурилади. Бу йил 2-туманлараро газ таъминоти тизимининг Фориш участкаси томонидан 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида 359 п/м ўр-та босимли, 1921 п/м паст босимли газ қувурлари тортилиб, янгидан 5 та  газ тақсимлаш ускунаси ўрнатилди.  

Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Узунқудуқ – Боғдон ичимлик сув тармоғини реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Бунинг натижасида «Қўлба», Э.Камолов номли, «Боғдон» «Ўзбекистон» маҳаллаларининг аҳолисини тоза ичимлик сув билан узлуксиз таъминлашга эришилади.

Бундан бир – икки ой олдин кечалари туман марказидаги Амир Темур кўчасидан юрсангиз қоронғиликдан ваҳимага тушардингиз. Бугун бу кўча ва намунавий уй-жойлар массивида бунёд этилаётган истироҳат боғи атрофига ўрнатилиб, кечаси ёниб турган чироқлар кишига ўзгача ҳузур бағишлайди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар туманга етиб келганлиги одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширди. Ҳақиқатдан ҳам биз тараққиётдан анча ортда қолгандик. Ижтимоий иншоотларнинг ачинарли ҳолати, фуқароларнинг яшаш тарзидаги муаммолардан кўз юмиб кетаётганлигимиз бор ҳақиқат эди. Айни пайтда ҳар бир хонадонда, кўчада, мактаб, тиббиёт масканини замонавийлаштириш учун астойдил киришилган. Жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар одамларга ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ бағишлаган.

Туманда саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хорижий инвестиция ҳисобига вилоятда амалга ошадиган 4 та йирик лойиҳанинг биттаси туманда бўлиб, бу «Эко цемент» цемент ишлаб чиқариш заводини қуришдир. 1,1 триллион сўм миқдоридаги ушбу лойиҳанинг ишга тушириш муддати 2020 йилнинг иккинчи чораги бўлиб, яратиладиган иш ўрни 200 тани ташкил этади. Натижада йилига 1 миллион 200 тонна цемент ишлаб чиқаришга эришилиб, маҳсулотнинг 50 фоизи Афғонистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июндаги 501-сонли қарорига асосан туманда 2019 – 2020 йилларда инвестиция лойиҳаси қиймати 400 млн. АҚШ доллари бўлган, йилига 4 млн. тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводи қурилиши белгиланди.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Phoenix Consulting GmbH (ГФР) ва Medianet in H.M.Hermsen (ГФР) бўлган UTD-Holding МЧЖ томонидан МЧЖ шаклидаги UTD Cement корхонаси ташкил этилди.

Умуман яқин йилларда туманда саноат йўналишида 10 та лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш белгиланган. Жумладан, «Илғор ҳудуд» синов лойиҳасининг иштирокчиси бўлган лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамкорлигида узлуксиз базальт толаларини ишлаб чиқариш, базальтдан бетон плиталар ишлаб чиқариш, гидрот оҳагини ишлаб чиқариш каби лойиҳалар йўлга қўйилади. Бундан ташқари Афғонистон Республикаси билан ҳамкорликда ковул ва ковракни саноат усулида қадоқлаш йўлга қўйилади ва қадоқланган маҳсулот хорижга экспорт қилинади.

2019 – 2020 йиллар мобайнида амалга ошириладиган лойиҳалар сони 41 та бўлиб, бунинг натижасида 6131 та янги иш ўринлари яратилади.

Туманда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари кенг. Шу боис Айдаркўл сув ҳавзаси бўйлари, Ўхум, Каттабоғдон, Ёмчи қишлоқларида экотуризмни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда туманда 3 та хусусий, 4 та масъулияти чекланган жамияти ва 1 та оилавий корхона сайёҳлик агентлиги ва туроператорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Тумандаги Ўхум, Асраф, Порашт қишлоқларида 12 та оилавий меҳмон уйлари фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили 1145 нафар чет эллик экотуризм ихлосмандлари она-табиатимиздан баҳраманд бўлиш мақсадида туманга ташриф буюрган.

«Илғор ҳудуд» лойиҳаси доирасида амалга ошири-лаётган бунёдкорлик ишлари туман қиёфасини кундан-кун ўзгартираётир. Янгидан бунёд этилаётган савдо ва сервис хизмат кўрсатиш иншоотлари, болалар майдончалари, ўйингоҳлар нафақат туман кўркига кўрк қўшяпти, балки аҳолининг кўп йиллик орзу ва умидларини ҳам рўёбга чиқараётир.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!