Жиззах вилояти ҳокимлиги » Ёшлар сиёсати » Жиззах вилояти ҳокимининг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан байрам ТАБРИГИ
01 сентябрь 2019 г 4 211 Комментарии: 0
Ассалому алайкум, азиз дўстлар, ҳурматли меҳмонлар, қадрли юртдошлар!
Авваламбор, Сиз азизларни ва бутун вилоятимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз -Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 28 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Бу йил халқимиз Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғоя остидан байрам қилмоқда. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, мамлакатимиз ва хусусан, вилоятимизда охирги уч йил давомида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги улкан бунёдкорлик ишларида кўриб, қалбан ҳис этиб турибмиз.
Хусусан, бугун Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллиги нишонланаётган, узоқ тарихга эга “Ўрда” боғи рамзий маънога эга маскан ҳисобланади. Ушбу боғнинг қайта барпо этилиши нафақат ободонлаштиришда, балки халқимизнинг тарихий қадриятларини тиклашда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Тарихдан яхши аёнки, “Ўрда қўрғони” ҳудуди Жиззах шаҳрининг қадимги тарихи, халқимизнинг миллий озодлик ҳаракатлари, ўтган асрнинг бошида бўлиб ўтган Жиззах қўзғолони билан бевосита боғлиқ. Бугун энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг айнан шу жойда нишонланаётганлиги ҳам бежизга эмас.
Фурсатдан фойдаланиб мазкур тарихий масканни ободонлаштиришда меҳнат қилиб, жонбозлик кўрсатган барча фидоий ватанпарвар юртдошларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Истиқлолнинг 28 йили давомида эришилган ютуқларни, қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, 2019 йил воҳамиз тарихига кирган муҳим йиллардан бири бўлди десам асло муболаға бўлмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 3 январидаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йилнинг
1 мартидан бошлаб вилоятимизда “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси доирасида барча шаҳар ва туманларимиз марказларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Чунончи, Манас ва Мирзачўлда синовдан ўтган ободонлаштириш ишлари барча туманларда ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Вилоятнинг ҳар бир тумани марказини обод қилиш ишларини шу йилнинг ўзидаёқ якунлаш вазифаси қўйилди.
Ана шундай вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида Ҳукумат томонидан ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун ҳар бир туман марказига 4 миллиард сўмдан жами
44,0 млрд.сўм, шунингдек оғир аҳволда бўлган 12 та умумтаълим мактаблари учун 10,0 млрд.сўм ҳамда қўшимча бюджет манбалари ҳисобидан 24,0 млрд.сўм, ҳаммаси бўлиб 78,0 млрд.сўм пул маблағлари ажратилиб берилди.
Бугунги кунга қадар ҳудудлардаги 61 та ижтимоий соҳа объектларида, шу жумладан, 21 та мактаб, 13 та мактабгача таълим муассасалари, 7 та соғлиқни сақлаш, 3 та спорт, 7 та касб-ҳунар коллежлари, 4 та маданият иншоотларида
қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
49,5 км. ичимлик сув тармоқлари, 115,8 км. электр тармоқлари ва 75 та трансформатор реконструкция қилинди, 32,9 км. газ тармоқлари ва 60 та газ тақсимлаш пунктлари, 34,9 км. йўллар таъмирланди, 503 та икки қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишлари учун тижорат банклари томонидан 62 млрд. 758 млн.сўм кредит маблағлари ажратилди. Бугунгача 265 та икки қаватли уйларда таъмирлаш ишлари якунланди.
“Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан Жиззах вилоятида жами 12 та енгил конструкцияли тикувчилик цехларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда. Бугунги кунга қадар 7 та тикув цехларини бошқариш бўйича хусусий инвесторлар билан келишилди.
Туман марказларида жами 400 тадан ортиқ тадбиркорлик объектлари қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар улардан 136 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Қолганларида қисқа муддатларда ишни тугатиш чоралари кўрилмоқда.
Кейинги йилларда туман марказларининг инфратизими бугунги тараққиёт мезонларидан анча орқада қолиб кетганди. Бугун барча туманларнинг маркази бутунлай қайтадан барпо этилмоқда. Бундан 50-60 йил аввал гуваладан кўтарилган бинолар бузиб ташланиб, ўрнига икки-уч қаватлилари замонавий усулда қуриб берилмоқда.
Бозорлар, йўллар, ижтимоий иншоотлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳар ва туманларда ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш ҳамда урбанизация ва комплекс уй-жой қурилиши жараёнларини тартибга солиш мақсадида 2020-2022 йилларда давлат дастурлари доирасида қишлоқ массивларида 2796 та намунали арзон уй-жойлар, Жиззах шаҳри марказида 60 та 2520 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.
Хусусан, мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришда 3 ёшдан
6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича 2019 йилда вилоятда жами 721 та давлат хусусий шерикчилик, нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади.
Шунингдек, вилоятдаги 57 та мактабгача таълим муассасасида, 108 та умумтаълим мактабларида, 31 та соғлиқни сақлаш муассасаларида давлат дастурларига асосан янги қурилиш, реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида барча йўналишларда яратиладиган иш ўринларининг кесимидаги тақсимотга мувофиқ,
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Қадрли дўстлар!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”деб эълон қилинган ушбу йилда Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ўтган давр мобайнида изчил амалга оширилиши натижасида вилоятимизда қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, айниқса иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Хусусан, саноат корхоналарида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларининг жадаллашиши натижасида 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида
2 триллион 611 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланиб, ўсиш суръати 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 104,3 фоизни ташкил этди.
Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар 2019 йилнинг ўтган ярим йиллигида 2897 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш имконини берди ва жами кичик бизнес корхоналари сони қарийиб 14 мингтага етказилди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича қиймати 528 млрд.сўм бўлган 199 та янги лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1859 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Чунончи, вилоятимизда биринчи ярим йилликда 200.0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди ва бу режага нисбатан 154 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги қарорига мувофиқ 54,2 млн.долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳисобига лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қуввати 850 минг кубметр газобетон, 50 минг кубметр табиий пардозбоп гранит плиталар, 1,6 минг тонна базальт тола асосидаги материаллар геосетка, композит қувурлар ва композит профиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича янги қувватлар ишга туширилиши
2020-2021 йилларга белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги “Жиззах вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қуватлаш ва саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Жиззах эркин иқтисодий зонасига қўшимча 182,1 га ер майдони ажратиб берилиши натижасида, 107,2 млн. долларга тенг бўлган 16 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шундан 56,5 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан
2019-2020 йилларда вилоятимизга умумий қиймати 444,1 млрд. сўмлик янги импорт ўрнини босувчи экспортбоп 11 та лойиҳалар ишга туширилиши кўзда тутилган.
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам Юртбошимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни
қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
5 та муҳим ташаббус ижроси бўйича йил давомида амалга оширадиган ишлар юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилиб Жиззах шаҳри, Ш. Рашидов, Фориш ва Бахмал туманлари вилоят миқёсида намунали ҳудудлар қилиб белгилаб олинди.
Мазкур ҳудудларда барча таълим муассасаларининг раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар маданият, спорт бошқармалари, Ёшлар иттифоқининг вилоят ва уларнинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари иштирокида намунали кўргазмали семинарлар ташкил этилди.
Шунингдек, ташаббус доирасида ўзларининг илк шеърий тўпламларини чоп этган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг уч нафар ўқувчиси Бахриддинова Гулсанам, Холбекова Ирода, Абдурасулова Моҳичеҳралар вилоят ҳокимининг 4 млн.сўмдан пул мукофоти билан тақдирланишди.
82 олтин медал ва 82 та кумиш медал соҳибалари ва олимпиада ғолибларига бир марталик пул мукофотлари топширилди.
Азизлар!
Барчангизни Ўзбекистон Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.
Мана шу улуғ айёмда барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимиз хизматига доимо шаймиз.
Бугун барчамиз нуроний оқсоқоллар, муҳтарам фахрийларимизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаймиз.
Мўътабар, дуогўй онахонларимизга чин юракдан фарзандлик ташаккуримизни билдирамиз.
Хонадонларимиз кўрки ва фариштаси бўлган мунис аёлларимиз доимо соғ-омон, бахтли-саодатли бўлсинлар!
Азму шижоатли ёшларимизнинг, барча фарзандларимизнинг бахту камолини, омадини берсин!
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Вилоят ҳокими Э.Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!