» » ЗАРАФШОН СУВИ - вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилайди

ЗАРАФШОН СУВИ - вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилайди

12 сентябрь 2019 г 3 102 Комментарии: 0

Ичимлик суви таъминотидаги энг оғир вазият Жиззах вилоятининг қатор аҳоли пунктларида юзага келган.

Вилоят аҳоли пунктларининг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан таъминланмаган. Сув олиш иншоотларининг аксарияти ўтган асрнинг 70 — 80 йилларида қурилган ҳамда жуда эскириб кетганлиги оқибатида уларнинг қуввати 3 баробардан кўпга қисқарган.

Зарарсизлантирувчи ускуналарнинг мавжуд эмаслиги натижасида кимёвий ва бактериологик кўрсаткичлар бўйича ичимлик суви юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда, бу эса мазкур ҳудудда эпидемиология вазиятига салбий таъсир кўрсатиб келаяпти, айниқса Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрида аҳоли ўртасида ўткир ичак касалликлари ортиб боришига сабаб бўлаяпти.

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил, 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қароридан).

 ҲАЁТ МАНБАИ

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, инсон танасининг 70 фоизи сувдан иборат. Бу ҳол сувнинг инсон организми учун ҳаётий омил эканлигини кўрсатади. Одамзод  ҳеч нарса истеъмол қилмасдан  икки ой яшаши мумкин. Бироқ, ҳар қандай киши сувсиз бир ҳафта ҳам ҳаёт кечиролмайди.  

Ичимлик суви тақчиллиги  сезилаётган вилоятимизда  бу борада  ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Биринчидан аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб беришда жиддий муаммолар бўлса, иккинчидан етказиб берилаётган оби-ҳаётдан хўжасизларча фойдаланилаётганлиги ҳам бор ҳақиқат. 

Бугунги кунда  вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси бор имкониятларни ишга солиш эвазига йилнинг ўтган даврида аҳолига  16 миллион метр кубдан зиёдроқ  ичимлик суви етказиб берди.  Келтирилган рақамнинг ўзи ҳам аҳолининг оби-ҳаётга  бўлган талабни нақадар юқорилигини кўрсатиб турибди.

Шунга қарамасдан, истеъмолчилар ичимлик сувидан кўр-кўрона, хўжасизларча фойдаланаётганлиги ташвишланарлидир.

Вилоятнинг бир қатор аҳоли пунктларида  ичимлик суви таъминотида энг оғир вазият  юзага келган.  Бунинг устига вилоятимиздаги 519 қишлоқларнинг ярмидан кўпи  марказлаштирилган сув таъминотига эга эмас.

Вилоятдаги сув олиш иншоотларининг аксарияти жуда эскирган.  Ана шунинг натижасида мавжуд иншоотлар аҳолига етарли даражада ичимлик суви етказиб бера олмаяпти. Бу ҳол аҳолининг 28 фоизини ҳамон қудуқ ва булоқ сувларидан фойдаланишга мажбур қилмоқда.

Айни пайтда  Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари аҳолисининг 46 фоизи истеъмол қилаётган  ичимлик суви давлат стандартларига мос бўлмаган, ичишга яроқсиз бўлган ер усти сув манбаларидан фойдаланади. Ичимлик сувининг умумий қаттиқлиги давлат стандарти бўйича 7 мг-экв/литердан ошмаслиги керак. Бироқ, бу ҳол Ғаллаорол, Пахтакор, Дўстлик туманларида 10, Жиззах шаҳрида 10,2, Ш.Рашидов ва Мирзачўл туманларида эса 13 мг-экв/литерни ташкил этаяпти.

Юзага келган муаммоларнинг ҳаммаси шугина эмас. Ҳозирги кунда  65 та қишлоқлардаги 43 та алоҳида ичимлик суви қудуқларининг 25 таси сув дебити йўқлиги туфайли ишламайди. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра  2017 йилда умумий олинган ичимлик суви суткасига 12,1 минг куб метрни ташкил этди. Бу ҳол 2000 йилдагига нисбатан 68,8 фоизга камайиб кетганлигини   кўрсатади.  Жиззах шаҳри ва 65 та қишлоқлардаги 1850,4  километрли ичимлик суви тармоқларининг 1182,9 километри, ёки бошқача қилиб  айтганда  64 фоизи реконструкцияга муҳтож.

 Лойиҳа ва ечим

Президентимизнинг 2018 йилнинг 4 майидаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори  юзага келган муаммони ҳал этишнинг муҳим омили бўлди.

Бу вилоятдаги ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилаётган тизимли тадбирлар кўламини кенгайтириш имконини берди. Айни дамларда соҳада олиб борилаётган тадбирлар қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашнинг янгича тизимини вужудга келтираётир.

—Президентимиз қарорига асосан қиймати 470 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилаётир,—дейди  “Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инженеринг компанияси” давлат унитар корхонаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи  Мирахмад Қоратоев.—Ушбу лойиҳага асосан умумий узунлиги 183 километр бўлган сув тармоғи, сув кўтариш ва тозалаш иншооти, 100 минг метр куб сиғимли сув сақлаш иншооти қурилиши амалга оширилиши режалаштирилган.

«Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш» лойиҳасини амалга оширилиши ҳисобига Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ҳамда  Жиззах шаҳрида яшовчи 860,7 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланиши кўзда тутилган. Айни пайтда қурилиш майдонларида иш қизғин бормоқда. Ушбу лойиҳани амалга оширишга 60 дан зиёд машина ва механизмлар жалб этилган. Қурилиш объектида фаолият кўрсатаётган 162 нафар малакали мутахассислар ва ишчиларнинг унумли меҳнат қилишлари учун барча қулайликлар яратилган. Олиб борилган изчил тадбирлар натижасида ҳозиргача  мазкур гигант иншоотда 78 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

—«Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш» лойиҳасини  асримизнинг энг долзарб  қурилишларидан бири дейиш мумкин,—дейди вилоят “Сувоқава” унитар корхонаси матбуот маркази раҳбари, Ўзбекистон Республикаси коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси Парда Шукуров.—Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти қамрови Жиззах шаҳрида 95,2 фоизга, лойиҳа доирасидаги 65 та қишлоқларда эса  29,2 фоизга етказилади. 

 “ЗАРАФШОН” ДАРЁСИ СУВИ 102 МЕТРГА КЎТАРИЛАДИ

Шу кунларда «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш» лойиҳаси доирасидаги ишлар қизғин паллага кирди. Лойиҳага кўра Зарафшон дарёсининг суви қудратли насослар ёрдамида 102 метр баландликка кўтарилиб, махсус ҳовузларга ташланади.

Мазкур объектдаги ўта муҳим қурилиш-монтаж ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг махсус қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда.

“Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инженеринг компанияси” давлат унитар корхонаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи  Мирахмад Қоратоевнинг таъкидлашича лойиҳадаги ҳар бир иншоотнинг қурилиш даври, фойдаланишга топшириш муддатининг аниқ режа жадваллари ишлаб чиқилган. Унга кўра  2018 йилда  сув олиш иншооти, сув тозалаш станцияси, сув олиш иншоотидан  сув тозалаш иншоотигача  бўлган узунлиги 16 километрли сув қувурлари ва тозалаш иншоотларидан узунлиги 20 километр бўлган магистрал сув қувури  қурилди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, ётқизилаётган магистрал сув қувурлари Олмалиқдаги “Мега мебико” масъулияти чекланган жамияти қошидаги корхонада махсус буюртмага асосан ишлаб чиқарилди. Мазкур қувурлар юқори босимга бардошли бўлиб, кафолатли фойдаланиш муддати 100 йилни ташкил этади. Ҳозиргача лойиҳа талабларига асосан диаметри 1200, 1000, 800 миллиметрли шиша толали пластик қувурлардан узунлиги 39,4 километр бўлган  сув магистрали ётқизилди.

—Асримизнинг муҳим иншооти қуришида фаолият кўрсатаёт-ганлигимдан фахрланаман,—дейди “Мега мебико” масъулияти чекланган жамияти экскаватор машинисти Зокир Холиқов. —Ҳар биримиз нечоғли муҳим иншоотдан меҳнат қилаётганлигимизни яхши биламиз. Амалга ошираётган ишимиз траншея қазишми, қувур ётқизиш бўладими уни белгиланган муддатда, талаб этиладиган технология асосида сифатли бажараяпмиз. Чунки, бу тармоқдан ўта юқори—15 атмосфера босими остида сув оқади. Шунинг ўзи ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди.   

Ана шундай илиқ сўзларни  бу ерда меҳнат қилаётган экскаватор машинисти Комил Нормамедовдан, монтаж усталари Усмон Йўлдошев, Иван Галин, Максим Исаев, Нарзулла Сафаровлардан ҳам эшитдик.

 ЗАРАФШОН СУВИ УЗУНБУЛОҚДА ТОЗАЛАНАДИ

Узунбулоқ қишлоғи Жиззах шаҳридан  чамаси 90 километрлар узоқликда, Туркистон тоғи этакларидаги Учқиз чўққиси пойида жойлашган. Шу кунларда  қишлоқнинг кун ботар томони катта қурилиш майдонига айланган.

Бу ерда бир кеча кундузда 100 минг куб метр сув тозалаш қувватига эга бўлган “Узунбулоқ” иншооти қурилиши жадал суръатлар билан бораяпти. Қурувчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Асосий ишлар машина ва механизмлар ёрдамида амалга оширилаётир.

Ўта муҳим иншоот “Оби-ҳаёт инжиниринг” масъулияти чекланган жамиятининг Хоразм филиали қурувчилари томонидан бунёд этилаяпти.  Бу ерда меҳнат қилаётган 70 нафар қурувчиларнинг барчаси зиммаларига юклатилган вазифани сидқидилдан уддалашга интилаяпти. Хушнуд Алламов, Зафар Муродов, Бахром Қўчқоров сингари қурувчиларнинг ғайрати билан белгиланган режа топшириқлар ортиғи билан бажарилаётир.

–Ичимлик суви таъминотидаги муаммолар энг оғриқли масалалардан бири эди, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов. –Муаммо Президентимизниг қарори туфайли ечим топди. Ичимлик суви  иншоотларини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши одамларнинг турмушини яхшилайди. Атроф-муҳит тозалигини сақлашда ҳам ғоят муҳим. Бундан ташқари, ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги кўплаб масалаларга ечим топади.

Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа доирасида вилоятдаги 13 та сув тақсимлаш иншооти, 65 та қишлоқнинг 52 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари реконструкция қилинади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши билан вилоятимиз аҳолисининг асосий қисми ёки 60 фоиздан ортиғи барқарор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бу билан лойиҳа ҳудудида марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти ва санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилашга эришилади. 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Президентимизнинг ғамхўрлиги билан вилоятда ичимлик суви таъминотидаги  кескинлик секин аста чекина бошлади. Эндиликда нафақат Жиззах шаҳри, балки оби-ҳаёт танқис  бўлган Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари аҳолисининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби яхшиланади. Бу аҳолининг яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш баробарида ҳудудларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!