Жиззах вилояти адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида коррупцияга қарши курашда жамоатчиликнинг ролини оширишга бағишлаб семинар ташкил этилди.
Давлат ва жамият тараққиёти учун катта хавф туғдирувчи иллат бўлган коррупцияни фақатгина тизимли кураш орқали йўқ қилиш мумкин. Бу дунё тажрибасида ўз исботини топган.
Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш қай аҳволда? Бу йўналишда инновацион технологиялар қўлланилаяптими? Одамлар коррупцион ҳолатдан хабар топганда тегишли идораларни бундан огоҳлантириши учун йўллар очиқми?
Семинар йиғилиши маърузаларида, бўлиб ўтган муҳокама ва мунозараларда ушбу саволларга жавоб беришда давлатимиз томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг сабаблари ва юзага келиш шарт-шароитларини комплекс бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида ушбу жиноятга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш масалалари доимий эътиборда.
Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлаётир.
Қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
– Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши бу иллатга тўсиқ қўйишда жамоатчиликнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқароларнинг фаол иштирок этишига имконият яратиб берди, – дейди “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Назифа Камолова. – Хусусан, жорий йил май ойидан бошлаб Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида махсус бот ишга туширилиши ҳар бир фуқаронинг коррупция ҳолатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни тақдим этиш ёки коррупция билан тўқнашилган ҳолатлар хусусида ўз фикрларини билдириш имкони яратилди.
Шунингдек, тадбирда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ўсиши коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди. Кўп ҳолларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир. Сўзга чиққанлар томонидан ушбу йўналишда – аҳолининг ҳуқуқий билимини ўстиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
скачать dle 12.0