Жиззахда “Маънавият фестивали” бўлиб ўтди. Президентимизнинг жорий йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган фестиваль доирасида вилоят маркази ва туманларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Мамлакат ривожи, миллат равнақи фақат моддий бойлик билан эмас, балки халқнинг юксак маънавий қиёфаси билан ҳам белгиланади. Маданий ва маънавий қадриятлари узоқ тарихга эга халқимиз ёш авлодга инсонпарварлик, ватанпарварлик, дўстлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, биродарлик ва камтарлик каби умуминсоний фазилатларни ҳар томонлама чуқур сингдириб келган.
Президентимизнинг маърифий-маънавий тарбия ишини яхшилашга алоҳида аҳамият қаратаётгани, бешта муҳим ташаббусдан кўзланган мақсад ҳам шу – ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишдир.
Ушбу мақсадда ўтказилган “Маънавият фестивали” республикамиз марказидан келган бир гуруҳ маънавият, маданият ва санъат намояндаларидан иборат тарғибот гуруҳининг вилоят маънавият ва маърифат марказида тарғиботчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувдан бошланди. Учрашувда Республика маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Жиззахга ташриф буюрган меҳмонларнинг йирик давлат ва атоқли ёзувчи Шароф Рашидов, юртимизнинг севимли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкалини зиёрат қилиши анъанага айланган. Фестивалнинг “Маърифатли туризм” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ҳам ана улуғ зотларга ҳурмат бажо келтириб, уларнинг ҳайкаллари пойига гулчамбар қўйишдан бошланди.
Ушбу лойиҳа доирасида “Қатағон қурбонлари”, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида учрашувлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаби ўқувчилари билан мушоира кечаси ўтказилди. Кечада шеърхонлик билан бирга таниқли шоирлар, актёрлар, олимлар билан ижод мактаби ўқувчиларининг учрашуви ҳам ўтказилди.
Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззахда ҳам вилоят қишлоқ хўжалигининг асосий маҳсулоти бўлган пахта йиғим-терими қизғин бораётир. Айни кунларда пахта далалари ҳашарчилар билан гавжум. Иштирокчилар ҳашатчилар даврасида ҳам бўлди. Фестивал доирасида Пахтакор туманидаги “Буюк ипак йўли” қишлоғи маданият саройида, Шароф Рашидов туманидаги “Зарафшон” фермер хўжалиги дала шийпонида пахтакорларнинг, ҳашарчиларнинг шоирлар ва санъаткорлар билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Ватанимиз, унинг тарихи, бугунги куни, амалга оширилаётган ишларнинг эртанги самараси билан боғлиқ гаплар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Учрашувда иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғи бўлган пахта, халқимизнинг энг эзгу қадриятларидан бўлган ҳашар ҳақида оддий одамларнинг фикрлари, ижодкорларнинг янги бадиий талқинлари иштирокчиларнинг кайфиятларини кўтарди.
Фестиваль дастуридан ўрин олган тадбирларда умрбоқий анъаналарнинг энг яхши намуналари намойиш этилди. Хусусан, “Кексалар ҳафталиги” доирасида Жиззах шаҳрининг “Жиззахлик” маҳалласида, Шароф Рашидов, Ғаллаорол туманларида ўтказилган кекса авлод вакиллари билан ёшлар учрашувлари, Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчасида ўтказилган “Қадриятлар улуғланган юрт” деб номланган ўзбек халқ миллий ўйинлари мусобақаси ота мерос анъаналарни, қадриятларни ёшлар қалбига сингдиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Т.БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0