» » Зоминда «Темурийлар издоши» нодавлат таълим муассасаси фаолият бошлади

Зоминда «Темурийлар издоши» нодавлат таълим муассасаси фаолият бошлади

17 октябрь 2019 г 4 546 Комментарии: 0

Ёшлар қалбида она ватанни севиш ва қадрлаш, унинг ҳимоясига ҳамиша тайёр бўлиш каби эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва бўлғуси ҳарбий кадрларни тайёрлаш мақсадида Жиззах шаҳрида ташкил этилган «Темурийлар издошлари» нодавлат таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шу қисқа вақт давомида Зомин ва Ғаллаорол туманларида ҳам «Темурийлар издоши» таълим муассасалари филиаллари очилиши чекка туманлардан ўз фарзандларини ана шундай ўқув масканларига олиб бора олмаётган ота-оналар учун айни муддао бўлди.

«Олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш, билимли ва ватанпарвар ёшларни жалб қилиш мақсадида дастлаб Жиззах шаҳрида битта умумтаълим мактабини белгилаб, ушбу таълим масканига асос солгандик. Мактабда алоҳида дастур асосида фанларни чуқур ўргатиш ва ўқувчи ёшларимизнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши ҳамда интилишини кучайтириб бориш орқали улар қалбида мамлакат Қуролли кучларидан ғурурланиш туйғуларини ошириш асосий мақсад қилиб белгилаб олинган. Юртимизда ягона, Жиззах вилоятида ўз фаолиятини бошлаган ушбу муассаса ва Мудофаа вазирлиги ўртасида меморандум имзоланган. Унга кўра, Мудофаа вазирлиги мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда ўқувчиларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича оталиққа олган. Малакали мураббийлар ўқувчиларнинг ҳарбий тайёргарлиги, жисмоний қобилиятини ошириш, интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича машғулотлар олиб бормоқда. Ўқувчиларнинг давлат ва жамият олдидаги бурч ва мажбуриятини англаб етиши, китоб ўқиши, хорижий тилларни пухта ўрганиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалардан мунтазам хабардор бўлиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини теран идрок этишига алоҳида эътибор қаратилаётир», - дейди Жиззах шаҳридаги «Темурийлар издоши» НТМ директори А.Сиддиқов.

«Темурийлар издоши» нодавлат таълим муассасалари Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги «Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, бу ерда махсус ҳарбийлашган синфларда 1000га яқин ўқувчи ёшларга 80 нафар малакали, ўз ишининг усталари бўлмиш устозлар сабоқ беришади. Шунингдек, ўқувчи ёшлар бу ерда чет тиллари, математика, физика, тарих ҳамда ҳуқуқ фанларидан малакали таълим олади.

«Темурийлар издоши» нодавлат таълим муассасасининг Зомин тумани филиали жорий йилнинг октябрь ойида ишга тушди. Бугун бу ерда 200 нафардан зиёд ўқувчига 10дан зиёд тажрибали педагоглар таълим тарбия беришяпти.

«Ҳар бир ота-она фарзандининг орзулари ушалишини истайди. Ўғлим болалигидан ҳарбий бўлишга қизиқади. Биз ҳам катта шаҳарларда бўлгани каби фарзандларимиз турли ихтисослаштирилган мактабларда ўқиб билим олишини, ўз қизиқишларига қараб турли тўгаракларга қатнашини истаймиз. Зомин туманида яқиндагина ташкил этилган «Темурийлар издоши» НТМ биз истаган таълим даргоҳларидан бири десам адашмаган бўламан. Бу ерда чет тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўтилиши, айниқса рус ва инглиз тиллари учун қўшимча тўгараклар ташкил этилгани қувонарли ҳолдир. Бунинг учун Зомин тумани ҳокимлигига ва «Темурийлар издошлари» нодавлат таълим муассасаси жамоасига миннатдорчилик билдирамиз», - дейди Гулноза Турдибекова.

«Режаларимиз жуда кўп. Шулардан бири таълим муассасамиз ўз биносига эга бўлиши учун ҳаракат қиляпмиз. Бу борада Зомин тумани ҳокимлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйганмиз. Туман ҳокими Алишер Абдуғаниев ташаббуси билан ишчи гуруҳи тузилди. Улар билан доимий алоқадамиз. Муаммоларимиз ва таклифларимиз билан ўртоқлашамиз. Лойиҳаларимиз деярли тайёр. Лойиҳага кўра, биз ташкил этган ўқув муассасасида нафақат болаларнинг таълим олиши, балки уларни касб-ҳунарга ўргатиш ишларини ҳам йўлга қўйиш ниятидамиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Жиззах шаҳри, Зомин ва Ғаллаорол туманларида ташкил этилган таълим муассасаларимизда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари бепул таълим олишга ҳуқуқига эга. Бу ишда бизга ҳомийларимиз, айниқса Жиззах шаҳар ҳокимлиги беминнат ёрдамини аяшмаяпти.

Ўқувчиларнинг нафақат жисмоний салоҳиятини ошириш, балки пухта билим олишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Айни дамда 5000дан зиёд ўқув, бадиий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар жой олган кутубхонамизни  замонавий ўқув ва бадиий адабиётлар, электрон дарсликлар билан бойитдик. Бир сўз билан айтганда, бугун ушбу таълим муассасасида барча шароитлар яратилган. Шуни ишонч билан айта оламанки, бу масканда соҳибқирон Амир Темурга муносиб ворислар таълим-тарбия олмоқда. Келгусида улар мамлакатимиз равнақи ва мудофаамиз қудратини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилишади», - дейди «Темурийлар издоши» НТМ директори ўринбосари Ўғилой Сиддиқова.

«Амир Темурнинг шижоатли, бир сўзли, қатъиятли ҳамда илм-фан ҳомийси бўлгани ҳақида тарихий манбалар орқали хабардормиз. Марказлашган қудратли давлат барпо этган буюк бобомизнинг заковати, бунёдкорлиги бугунги авлодларга ҳам ифтихор бахш этади. Айни пайтда буюк саркарданинг ҳарбий салоҳияти ва фавқулодда ғоялари ифодаси бўлган ҳарбий жанг санъати дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланма сифатида ўрганилаётгани қалбимизни фахрга тўлдиради. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Темурийлар издошлари» таълим муассасаси жамоамизга катта масъулият юклади, биз ўқувчиларимиз буюк аждодимизга муносиб издош бўлиши учун астойидил ҳаракат қилмоғимиз лозим», - дейди мактаб директори Гулзода Алматова.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!