Зарбдор ҳамда Фориш туманлари ички ишлар бўлимларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимиз ички ишлар ходимлари байрами Зарбдор туман ИИБ шахсий таркиби учун янада қувончли ўтди. Шу куни туман ички ишлар бўлими учун қурилган икки қаватли янги бинони фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, туман фаоллари, ички ишлар фахрийлари, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда туман ички ишлар бўлими шахсий таркибини касб байрамлари ва янги бино билан табриклаб, қабул қилинган соҳага доир тегишли тегишли ҳужжатлар асосида ички ишлар тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳолининг тинчлик ва хавфсизлигини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг изчил тизими яратилганлиги таъкидланди.
Икки қаватли янги замонавий иншоотда ҳуқуқ-тартибот посбонлари самарали фаолият кўрсатишлари учун барча қулайликлар мавжуд. Бинода маърифат хонаси, махсус тергов мажмуаси, туман марказидаги видеокузатув камераларига уланган ситиуацион марказ, ётоқхона, ошхона фаолияти йўлга қўйилган. Патруль-пост хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бошқа тезкор қисмлар бўлимнинг геоинформацион тизими орқали бошқаради.
Булар ҳаммаси ходимларнинг сиёсий, маърифий ва жанговар тайёргарлигини кучайтиришга, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда фош этишга хизмат қилади.
– Ходимларга қулай иш шароитларининг яратилиши уларнинг самарали ишлаши учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди ички ишлар фахрийси Абдулла Азимов. – Аммо бизлар туман ички ишлар бўлимида ишлаган давримизда бундай шароитлар ҳатто орзу ҳам қилолмаганмиз. Давлатимиз эътибори билан яратиб берилган бундай қулай шароитлар жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини ишончли таъминлашга хизмат қилади.
Вилоятнинг Фориш тумани ички ишлар бўлими биноси капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилди.
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ(сурат)
скачать dle 12.0