1983 йилнинг апрель ойи охирида сершовқин Москвадан анча олисдаги осойишта Бухорода энг катта раҳбар эмас – маҳаллий ОБХСС бошлиғи қамоққа олинди.
Бир қараганда, жуда оддий кўринган бу воқеа катта эврилишларнинг, нафақат Совет Иттифоқини, бутун дунёни ларзага келтирган ўзгаришларнинг муқаддимаси эди. Айнан ўшанда Бош котиб Юрий Андропов бошлаган “ҳудудий тозалаш” СССР барбод бўлишига сабабчи бўлган Михаил Горбачёв ва унинг “қайта қурувчилари” ҳокимиятга келишига шароит яратди. Чекистларнинг ҳокимиятни олишдан олдинги юриши машҳур “ўзбеклар иши” деб номланган партаппаратга биринчи катта ҳужумидан бошланганди. Андропов командаси бу курашда ғалаба қилиш учун Москва партаппаратида катта таъсирга эга бўлган Ўзбекистон етакчиси Шароф Рашидовни обрўйсизлантириш ва йўлдан олиб ташлашини режалаштирган эди”.
Нега айнан Ўзбекистон, нега Рашидов? Нега россиялик публицист журналист суриштирувларини марказдан жуда олисдаги вилоятдан бошлаганди?
Бу саволларга Жиззахда тақдимоти ўтказилган Фёдор Раззақовнинг “Спасти Рашидова! Андропов против СССР. КГБ играет в футбол“ (“Рашидовни қутқариш! Андропов СССРга қарши. КГБ футбол ўйнайди”) номли китобида жавоб берилган. СССР деб аталган қудратли салтанатнинг таназзули ҳақида шу пайтгача турли муаллифлар томонидан ўз қарашларидан келиб ёзилганларидан фарқли бу китобда воқеалар аниқ далилларга таняниб публицистик таҳлил қилинган.
1994 йилда чоп этилган “Владимир Висоцскийнинг ҳаёт ва ўлими” деб номлаган биринчи китоби билан публицист ёзувчи сифатида танилган Фёдор Ибатович Раззақов ҳозиргача тарихий ва дидактив мавзуда юздан зиёд асар яратган. Унинг журналистик тадқиқотлар асосида яратилган “Социализм даври бандитлари”, “Капитализм даври бандитлари”, “Ғарб бандлари” ва “Террор асри” – китобларидан иборат тўрт томлик, СССРнинг машҳур санъаткорлари ва спортчилари ҳақида “Юлдузлар сири” саккиз томлик асарлар тўпламлари ва бошқа китоблари Совет Иттифоқи тарихининг кўпчиликка маълум бўлган томонлари ҳақидаги энг қизиқарли асарлар сарасига киради.
2019 йилда Москвадаги “Книжний мир” нашриётида чоп этилган “Спасти Рашидова! Андропов против СССР. КГБ играет в футбол“ китобида нафақат Ўзбекистонда ўтган асарнинг охирларида содир бўлган воқеалар, балки дунё геосиёсатида катта ўзгаришлар бошланишининг бадиий публицистик манзарасини тасвирлаб берилган.
Бироқ интернет фойдаланувчилар ва Россия оммавий нашрлари орқали Фёдор Раззақовнинг ижодини кузатиб бораётган кам сонли ўқувчиларни ҳисобга олмаганда, ҳозирча бу китоб ўзбек китобхонларига етиб келгани йўқ. Шунинг учун бу китобнинг Ўзбекистонда, хусусан, Жиззахда тақдимоти ўтказилиши яқин ўтмишдаги воқеаларга яна бир бор чуқурроқ назар солишга сабаб бўларли воқеа, дейиш мумкин.
Жиззах политехника институтининг мажлислар залида бўлиб ўтган китоб тақдимотида ёзувчилар, журналистлар, меҳнат фахрийлари, китобхонлар, вилоят жамоатчилиги вакиллари, Шароф Рашидовнинг яқинлари иштирок этди. Тақдимотда ёзувчи Фёдор Раззақов ушбу китобнинг ёзилиши ҳақида сўзида Ўзбекистонга муҳаббати, шу юртнинг буюк фарзандларидан бўлган Шароф Рашидовга ҳурмати ҳақидаги самимий илик фикрлар билдирди. Сўзга чиққанлар ушбу китоб ҳам ёзувчининг шу муҳаббат ва ҳурматининг ифодаси эканлигини эътироф этди.
– Ушбу китобнинг ёзилиши ҳам Фёдор Раззақовнинг ўзбек халқи, унинг буюк фарзанди Шароф Рашидовга катта ҳурматининг белгисидир, – дейди меҳнат фахрийси Абдулла Қаршибоев. – Қолаверса, ушбу китоб ёшларимизнинг Ватанимиз тарихини яхшироқ билишлари, ўтмишдаги воқеалар ҳақиқий моҳиятини теран англашларида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Яқин вақтларда бу китобни ўзбек тилида ўқишимизга умид қиламан.
Тадбир якунида ушбу тақдимот ташкилотчиларидан бўлган Шароф Рашидовнинг Жиззахдаги уй-музейи жамоаси томонидан китоб муаллифи ва унинг оила аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0