Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда сарсон қилинган тадбиркорга кредит маблағи ажратилиши таъминланди
20 ноябрь 2019 г 1 477 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган “OYBEK CO LTD” ХКТФ раҳбари В.Мелиевнинг АТБ “Қишлоққурилишбанк” Жиззах минтақавий филиали ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, “OYBEK CO LTD” ХКТФ раҳбари В.Мелиев 2019 йил 26 июнь куни АТБ “Қишлоққурилишбанк” Жиззах минтақавий филиалига йиллик 8 фоиз устама тўлаш шарти билан 150 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратишни сўраб мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан томонлар ўртасида шу куни имзоланган 827-сонли кредит шартномасига асосан тадбиркор 150 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағини “Sangzor Poultri” МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб беришни сўраган.
Бироқ, банк филиали масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёки ўзига аён бўлган бошқа манфаатларда ёндошишлари натижасида корхона раҳбарининг тўлов топшириқномасини олиш рад этилган ҳамда мурожаати жавобсиз қолдирилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан
2013 йил 27 декабрда 2546-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 27-бандида кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда, қарз олувчи ва тижорат банки ўртасида кредит шартномаси тузилиши, 29-бандида кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисобварағи очиш ва унинг тўлов топшириқномаларига мувофиқ, ушбу ҳисобварақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан беришилиши белгиланган.
Энг ачинарлиси, корхона раҳбари 05.07.2019 йилда юқоридаги кўрсатилган ҳолатлар юзасидан “Қишлоққурилишбанк” АТБ бошқарувининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилган бўлсада, банк бошқаруви томонидан тадбиркорлик субъектининг қонуний талаби ҳал этилмаган.
Мурожаатни ўрганиш натижасига кўра, юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан АТБ “Қишлоққурилишбанк” бошқарувига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Тақдимнома АТБ “Қишлоққурилишбанк” бошқарувининг 2019 йил 19 августда ўтказилган йиғилишида муҳокама қилиниб, тадбиркорга кредит маблағлари тўлиқ ажратиб берилиши таъминланди ҳамда банк бошқаруви томонидан, банкнинг Жиззах минтақавий филиали бошқарувчиси Ў.Юнусов, бошқарувчи ўринбосари Ш.Исакулов ва Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш бўлими бошлиғи Ш.Низамовлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинганлиги маълум қилинди.
Сардор Усманов - Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя
қилиш бўйича вакил девони бош инспектори в.б
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!