Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Сиёсий тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
21 ноябрь 2019 г 1 474 Комментарии: 0
Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятида ҳам жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилаяпти.
Чунончи, вилоятдаги юзага келтирилган 519 та сайлов участкалари мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи тадбирга ҳозирланмоқда.
Таркибида ички ишлар органлари, қурилиш назорати инспекцияси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари бўлган ишчи гуруҳлари сайлов участкаларида яратилган шарт-шароитларни ўрганаётир. Мазкур жараёнда биноларнинг яроқлилиги, санитария ҳолати, ёнғин хавфсизлиги каби жиҳатларга эътибор қаратилаяпти.
— Ички ишлар органлари ходимлари томонидан сайлов ўтадиган ҳудуд ва бинолар ёритилиши, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши учун шароитларнинг яратилганлиги, видеокузатув ускуналари, қутқарув йўлаклари ва автотураргоҳларнинг мавжудлиги нуқтаи назаридан текширилмоқда, — дейди Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси жамоат тартибини сақлашни ташкиллаштириш гуруҳининг муҳим тоифаланган объектлар бўйича инспектори, капитан Абдужалол Норбоев. — Бугунгача 326 та сайлов участкаси ўрганиб бўлинди ва ушбу иншоотларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Ҳафта якунигача барча сайлов участкалари кўрикдан ўтказиб бўлинади. Худди шундай, сайлов ўтадиган куни жамоат хавфсизлигини мукаммал таъминлаш тадбирлари белгиланаяпти.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!