» » АГРОСАНОАТ КЛАСТЕРИ: ЯЙЛОВДАН ПЕШТАХТАГАЧА

АГРОСАНОАТ КЛАСТЕРИ: ЯЙЛОВДАН ПЕШТАХТАГАЧА

24 декабрь 2019 г 3 498 Комментарии: 0

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожида чорвачилик муҳим ўрин тутади. Айни пайтда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминланишини қаноатланарли деб бўлмайди. Соҳанинг долзарб муаммоси ҳисобланган узлуксиз озуқа-ем таъминотини йўлга қўйиш, наслчиликкаалоҳида эътибор қаратиш зарур. Хорижий тажриба асосида наслчиликни ривожлантириш ва маҳсулот нархини пасайтириш учун Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги харажатнинг бир қисмини субсидиялаш механизмини ишлаб чиқиши зарур.

Бу фикрлар шу йилнинг 16 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтказган чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантиришга бағишланган йиғилишида таъкидланган эди. Тармоқни ривожлантириш, гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш борасида вилоятимизда ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилаётир. 2019 йилдаги энг йирик истиқболли инвеситиция лойиҳалардан бири—бу “Jizzax organiс” гўшт-сут йўналишидаги замонавий агросаноат кластерининг фаолият бошлаганидир.

“JIZZAX ORGANIC”—

ЭНГ ЙИРИК АГРОСАНОАТ МАЖМУАСИ

Даштобод шаҳарчасидан ўтиб Чилонзор маҳалласи томон юрсангиз чўл бағридаги улкан қурилиш майдонига дуч келасиз. Умумий майдони 57 гектарни ташкил этувчи кенг ялангликда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари авжига чиққан. Бу ердаСингапурнинг “Enter Engineering Pte.Ltd” компанияси “Jizzax organiс” корхонасининг 3000 бош қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплексини бунёд этаётир.

   —Чорвачилик комплекси қурилишини аниқ режа асосида ташкил этганмиз, —дейди “Enter Engineering Pte.Ltd” компаниясининг вакили, қурилиш бўйича мазкур лойиҳа раҳбари Муҳиддин Абдуллаев. —Қурилиш монтаж ишларининг лойиҳа қиймати 34 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Май ойидан бери 9 миллион 860 минг долларлик қурилиш- бунёдкорлик ишлари уддаланди. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирга қадар қурилиш-монтаж ишларига ажратилган маблағнинг 29 фоизи ўзлаштирилди. Қурилишга340 нафаришчи ва инженер техник ходимлар,59 та замонавий техника воситалари жалб этилган.

Чорвачилик мажмуасининг биринчи навбати2020 йилнингиюнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Айни пайтда мажмуадаги4 та ем-хашак омбори, 10 та сенаж сақлаш жойи ва озуқа тайёрлаш цехи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирда ҳар бири500 бош қорамолга мўлжалланган 4 та молхонада қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилаётир.

Қурилиш ишларининг календарь режа асосида ташкил этилганлиги, илғор технологиялардан самарали фойдаланилаётганлиги суръат ва сифатни ошираётир. Масалан, айни пайтдамажмуа ҳудудида қурилиб, ишга туширилган бетон ишлаб чиқариш узели юқори қувват билан ишлаб турибди. Бу қурилиш ишларини жадаллаштириш баробарида зарур бўладиган бетон қоришмаси тайёрлаш билан бирга темирбетон буюмларини шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш орқали ортиқча техника кучи, ёқилғи сарфини камайтириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш имконини бераётир. Энг муҳими вақт тежалаётир.

—Мажмуа ҳудудида чорвадорлар шаҳарчаси ҳам бунёд этилади,—дейди лойиҳа раҳбари. —Инженер техник ходимлар, ишчилар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий кўп қаватли турар-жой бинолари, умумий овқатланиш шоҳобчалари, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этилади. Бир сўз билан айтадиган бўлсак чўл бағрида энг замонавий, барча қулайликлари бўлган кўркам шаҳарча қурилади.

100 МИЛЛИОНДОЛЛАРЛИК ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИ

“Jizzax organiс” мажмуаси республикадаги энг йирик агросаноат кластерларидан бири бўлади. Мазкур инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 июлдаги “Жиззах вилоятида гўшт-сут маҳсулотлари етиштириш йўналишидаги агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 619-сонли қарорига асосан ҳаётга татбиқ этилаётир. Лойиҳани амалга ошириш учун Зомин ва Зарбдор туманлари ҳудудидан 10 минг 775 гектар ер ажратилди. Ана шу ерларнинг 8 минг 964 гектари суғориладиган майдонлардир.

Хитойнинг “Delmor” компанияси инвестицияси асосида ташкил этилган агросаноат кластери йилига 2,5 минг тонна гўшт етиштириш қувватига эга бўлади. Мазкур чорвачилик мажмуасида парваришланаётган қорамолларнинг умумий сони яқин келажакда 10 минг бошга етказилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Агросаноат кластерини ташкил этиш нафақат гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришни, балки республикамизда наслли чорва моллари сонини кўпайтириш имконини яратади. Ушбу лойиҳанинг мақсади ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган сифатли гўшт-сут маҳсулотлари ҳажмини режалиоширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

—Мақсадимиз интеграциялашган замонавий тўлиқ циклли ишлаб чиқарувчига айланиш,— дейдимасъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Jizzax organiс” хорижий корхонаси бош директори Ҳикматилла Каримов. —Корхонамизда илғор технологияларнинг энг яхши тажрибалари ва илмий билимларнинг фаол базаси мужассамлаштирилади. Бу гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини кўпайтиришга хизмат қилади. Жорий йилдамўл ва сифатли озуқа тайёрлашни йўлга қўйдик. Эндиги вазифа гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришиш. Энг муҳими замонавий технологиялар билан жиҳозланган селекция-генетика марказига эга бўлиш. Айни пайтда олдимизда турган вазифаларни тўлақонли уддалаш учун барча соҳаларда изчил ишлар амалга оширилаяпти.

Энг замонавий технологиялар асосида иш юритиш,чорвачиликда эришилган жаҳон тажрибасини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш корхонага энг зотдор молларга, бозорда эса юқори сифатли маҳсулотга эга бўлиш имконини беради. Чорвадорлар мамлакатимиз аҳолисига экологик тоза маҳсулотлар етказиб бериш ҳамда республикамизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

—Корхонамизда генофондиюқори зотдор ғунажинлар етиштиришасосий вазифалардан бири,—дейди бош ветеренария врачи Альберт Лакуста. —Шу тариқа республикада чорва моллари насли босқичма босқич яхшиланиб боради. Ишлаб чиқарилаётган гўшт, сут сифати жаҳон андозаларига тенглаштирилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи арзонлаштирилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, корхонада амалга оширилаётган барча тадбирлар жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб беради. Россия Федерацияси, Украина ва бошқамамлакатларнинг етакчи мутахассислари, ветеринар ва биолог олимлар иш олиб бораётирлар.Масалан, Альберт Лакуста украиналик бўлса, ветврач-эмбриолог, биология фанлари номзоди Андрей Слепченко, селекция-генетика маркази раҳбари Сергей Баришников, чорва молларини озиқлантириш бўйича технолог Илларион Нагаевлар Россиядан таклиф этилган.

Мўл ва сифатли озуқа базаси яратмасдан туриб чорвачиликни ривожлантириб бўлмайди.Бу оддий ҳақиқат корхона ташкил этилган илк лаҳзалардан кундалик шиорга айланди. Шунинг учун кластерда ўсимликшуносликни ривожлантириш орқали сара дон ва бошқа озуқабоп экинларини парваришлаш, уларнинг янги навларини яратиш устида ҳам тизимли илмий ишлар олиб борилаётир.Корхона жамоаси шу йилнинг ўзида ажратилган майдонларда буғдой, арпа, жўхори, яйлов ўтлари, беда каби озуқа экинларини парваришладилар. Дастлабки йилданоқ, экинлардан мўл, сифатли озуқа етиштиришга эришилди.

   —2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ жойларида янги иш ўринлари ташкил этиш алоҳида қайд этилган,—дейдикорхона бош директориҲикматилла Каримов. —Корхонамизда Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган вазифалар асосида иш юритаётирмиз. Фаолиятимизнинг дастлабки босқичида 300 та янги иш ўрни яратилса, яқин келажакда доимий иш билан банд бўлган ходимлар сони 1000 нафарга етказилади.

“АBERDIN-ANGUS” СЕРГЎШТ ЧОРВА

“Jizzax organic” корхонаси яқин келажакда Ўзбекистон бозорини сифатли мармар гўшт билан таъминловчи етакчи компанияга айланади. Айни пайтда бу ерда АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Америка, Австралия ва бир қатор ривожланган мамлакатларда парваришланаётган “Aberdin-Angus” зотли моллар боқилаяпти. “Абердин-Ангус” зотли мол гўшти ингичка пайли, майин, ўзига хос мармарликка эгалиги билан жаҳон бозорида юқори баҳоланади.

“Aberdin-Angus” зоти шимоли-шарқий Шотландиянинг абердин ва ангус графликларида XYIII аср охирларида автохтон ва тўқол (шохсиз) зотли молларнинг урчитилишидан пайдо бўлган. 1862 йилда маскур наслнинг келиб чиқиш тарихи, гўштининг хусусиятлари ҳақидаги илккитоб нашрдан чиққан эди. 1873 йилда бу зот АҚШга, 1876 йилда Канадага келтирилди. Ҳозирда “Aberdin-Angus” зоти ўзининг юмшоқ ва нозик толали мармар гўшти туфайли АҚШ, шимолий ва жанубий Америка, Буюк Британия, Янги Зеландия ва МДҲ мамлакатларида саноат асосида парваришланади.

Мазкур зот гўшт етиштириш учун энг мақбул чорва молларидан саналади. Чунки чорва моллари энг тез етилади. Бузоқлар 14-15 ойлигида уруғлантиришга тайёр бўлади. Саноат миқёсида чатиштириш ва турли иқлимга мослашиш кўрсаткичлари жуда юқори. “Aberdin-Angus” зотининг урғочи бузоқлари 22-25 кг., буқачалари 25-28 кг. вазн билан туғилади. Ярим йилда ёш бузоқлар 180 кг. тош босади. Сигирлардан ажратиш вақтига келиб, уларнинг вазни 190-230 кг. бўлади. 3 ёшли бўлганда сигирларнинг вазни 430-500 кг.га етади. Энг зўр катта ёшли сигирлар 650-700 кг. вазнга эга бўлса, бўрдоқига боқилган буқалар қарийб 1000 кг тош босади. Сўйилганда тирик вазнининг 62-65 фоизи миқдорида гўшт беради. Сут унумдорлиги 1700 кг.дан ошмайди. Одатда сут бузоқларга қолдирилади.

Айни пайтда корхонага 157 бош “Aberdin-Angus” зотли чорва моллари келтирилди. Уларнинг 126 боши ғунажин, 31 боши буқалардир. Шу йилнинг сўнггига қадар яна 553 бош, 2020 йилда эса 6000 бош ана шундай чорва моллари Германия, Голландия ва Австрия давлатларидан келтирилиши кўзда тутилган.

—Биз молларни очиқ майдонларда боқамиз,—дейди молларини озиқлантириш бўйича технолог Илларион Нагаев. —Замонавий технологиялар асосида молларни қуёш тиғи ва шамолдан асраймиз. Уларни тоза сув ва ўзимиз етиштирган экологик тоза дон билан озиқалантирамиз. Ушбу омиллар чорва молларини қулай шароитда, зооветеринария талаблари асосида дуркун ўсишни таъминлайди. Шу йўл билан йилига 1700 тонна мармар гўшт ишлаб чиқариш имкониятига эга бўламиз.

Агросаноат кластерида амалга оширилиши мўлжалланаётган хайрли ишлар фақат шулардан иборат эмас. Бу ерда келгуси йилдан бошлаб сут ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг учун корхонага жаҳонда тан олинган “Гольштин”, “Жерси” зотли сигирлар келтирилади. Яқинда Голландия, Германия ва Австрия давлатларидаги ҳамкорлар билан зотли моллар етказиб бериш бўйича икки томонлама манфаатли шартномалар имзоланган. Корхонада чорва молларини селекцион танлаб олиш орқали “А2” тоифали сут ишлаб чиқариш асосий вазифалардан бири қилиб қўйилган.

Кўзланган натижаларга эришиш энг сўнгги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш баробарида тизимли илмий изланишлар олиб боришни тақозо этади. Бу масалага инвестиция лойиҳасида ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ана шу мақсаддакорхонада селекция-генитика маркази ташкил этилади. Шу йўл билан корхона нафақат ўзини зотдор моллар билан таъминлайди, балки республикамизда юқори самарадорликка эга бўлган наслли пода таъминотчисига айланади.

Селекция-генетика марказичорвачиликда энг замонавий  селекция ва репродукция технологияларини қўллайди. Бунинг учун етарли жиҳоз ва малакали мутахассисларга эга. Марказ фаолияти орқали республикамизда йирик шохли қорамоллар сони ошади. Маҳаллий чорва моллари генетикаси яхшиланади. Энг муҳими чорвадорларни ўқитиш орқали уларнинг малакаси оширилади. Уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш тизими йўлга қўйилади.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!