Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Jizzax Organic: Ҳукумат қарори Ўзбекистонда агросаноат кластерларини ривожлантиришга туртки беради
30 январь 2020 г 2 711 Комментарии: 0
Жиззах вилоятининг серҳосил ва сахий ери Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги харитасида ўзига хос ўрин тутади. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 июлдаги №619-сон қарори бу ерда гўшт-сут йўналишини ривожлантиришга қаратилган агросаноат кластерини ташкил этишни бошлаб берди. Бу эса, ялпи ички маҳсулотининг 36 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келадиган, ушбу соҳа умумий маҳсулотининг 47 фоизини чорвачилик етказиб берадиган Ўзбекистонда муҳим қадамдир.
Ҳукумат қарорида қайд этилганидек, Жиззах вилоятидаги кластер «наслли қорамол сонини босқичма-босқич ошириш, ички ва ташқи бозорда барқарор талаб бўладиган сифатли гўшт-сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, йирик шохли чорва молларининг сермаҳсул зотлари, шу жумладан, гўшт йўналишидаги зотларни кўпайтиришни ўзлаштириш, экспорт салоҳиятини янада ошириш ҳамда қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ташкил этиш»да муҳим ўрин тутади.
Ушбу кенг миқёсли вазифани бажариш масъулиятини Jizzax organic корхонаси ўз зиммасига олди. Мазкур замонавий кластернинг гўшт-сут йўналишини ривожлантиришга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қўллаб-қувватлаши ва хорижий инвесторлар кўмагида 100 млн АҚШ доллари ажратилди, Жиззах вилоятининг Зомин ва Зарбдор туманларидан 11 минг гектар ер тақдим этилди.
2023 йилда Жиззах вилоятида замонавий чорвачилик мажмуаси, селекция-генетика маркази, омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси, кушхона ва биогаз қурилмаларига эга бўлган йирик агросаноат кластерини барпо қилиш Jizzax organic корхонасининг улкан режаларидир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қорамолларнинг умумий сони 10 минг бошдан ортади, қуввати бир йилда 2,5 минг тонна гўштни ташкил этади. Jizzax organic корхоналарида хорижий ҳамкорларнинг тажрибаларини минтақанинг ўзига хосликларига мослаштирган ҳолда қўлловчи 300 дан ортиқ ўз касбининг усталари фаолият юритади. Иқтидорли ёш мутахассисларни жалб этиш ва ўқитиш, шунингдек, маҳаллий фермерларга сердаромад ва самарали чорвачилик хўжаликларини ташкил этишларида ёрдам бериш орқали улар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги жараённи назорат қилар экан, ҳар ой Jizzax organic корхонасидан инвестиция мажбуриятларини бажарганлиги бўйича ҳисоботларни олиб турибди. Маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қўллаб-қувватланаётган компаниянинг ташаббускор ходимлари бир йил ичида улкан ишларни амалга оширишди. Сутчилик фермаси қурилиши 60 фоизга тамомланган. Унинг атрофидаги ер текисланган, тақсимланиб, шудгор қилинган. Ем-хашаклар 4та махсус омборларда ҳозирлаб қўйилган. Сенажларни сақлаш учун 10та махсус майдон мавжуд, омухта ем ишлаб чиқарувчи цех барпо қилинган. Ҳозирда, чорва моллари учун яна 4та бино тикланмоқда. 2019 йил ноябрь ойидаёқ Европадан абердин-ангус наслли 500 бош қорамол келтирилган. Тез орада, улар сафига Россия ва АҚШдан келтириладиган 6 минг бош қорамол қўшилади.
«Ҳозирда, ушбу барча йўналишларда бир мақсадга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Jizzax Organic МЧЖ бош директори Ҳикматилла Каримов. – Бизнинг корхонамизда мазкур соҳанинг энг илғор технологиялари ва илмий салоҳияти жамланади. Бу эса, гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини оширишга хизмат қилади».
Компания Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг драйвери бўлишга ҳамда Жиззах вилояти салоҳиятини ривожлантириш ва намоён этишга интилмоқда. Шундай устувор йўналишлардан бири – йирик наслли қорамол сонини кўпайтириш орқали гўшт-сут маҳсулотлари экспортини оширишдир.
Jizzax organic юқоридаги мақсадларни амалга ошириш учун селекция-генетика (СГМ) марказини ташкил этди. Бу ерда, маҳаллий ҳайвонлар генофондини яхшилаш мақсадида гўшт ва сут етиштиришга мўлжалланган юқори маҳсулдор бўлган Абердин-Ангус, Герефорд, Wagyu ва Жерси насллари билан чатиштирилади ва насл олинади.
Селекция ва репродукция бўйича илғор самарали технологияларни қўллаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган СГМ Ўзбекистон маҳсулотлари сифатини янги даражага кўтариш орқали импорт улушини қисқартириб, мамлакатни гўшт ва сут етиштиришга мўлжалланган наслли қорамоллар билан ўзини-ўзи таъминлашга ёрдам берар экан, республика миқёсидаги вазифаларни бажаради, десак муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, Jizzax organic селекция-генетика марказида маҳаллий фермерлар ҳам ўқитилиб, уларга чорвачилик ва кичик бизнеснинг янги имкониятлари очилади.
Jizzax organic СГМда қорамол геномини баҳолаш амалиёти, насллар жинсини бошқариш усуллари, илғор эмбрионал ва трансплантациявий технологиялар ҳам қўлланилади. Буларнинг барчаси мисли кўрилмаган ва максимал кўрсаткичларга эга бўлган наслларни етиштиришга қаратилган.
Бироқ, Жиззах вилоятининг табиати ҳам муҳим ўрин тутади. Jizzax organic меҳнаткаш жамоасининг саъй-ҳаракатлари ва айнан қулай табиий шароитлар боис, артезиан суви олинди, ажойиб яйловлар пайдо бўлди, ҳар бир бошни юқори сифатли омухта ем билан таъминлаш мумкин бўлди. Ҳокимият томонидан тақдим этилган кенг майдонларда ҳайвонлар учун энг қулай шароитлар барпо қилиш мақсадида тор бўлмаган ва боғловсиз кенг иншоотлар барпо этилди.
Шунинг учун ҳам ишонч билан айтиш мумкинки, ҳокимият томонидан биргина тўғри туртки, Jizzax organic кластери намунасида Ўзбекистон агросаноат соҳасининг кенг миқёсли ривожланиш жараёнини бошлаб берди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!