Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Журналист, блогер ва ахборот хизматлари вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди
06 февраль 2020 г 1 382 Комментарии: 0
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида тизим ислоҳотлари ҳамда амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросидан оммани хабардор этишга қаратилган матбуот анжумани уюштирилди.
Республика ва вилоятдаги оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар иштирокида ташкил этилган тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари - полковник Олимжон Абдуллаев, полковник Шуҳрат Қўчқоралиев, подполковник Мансур Сатторов ва бир қатор соҳавий хизматлар раҳбарлари чиқиш қилдилар.
Дастлаб ички ишлар органлари томонидан тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Чунончи, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш” концепциялари асосида вилоят ҳудудига жами 13222 та кузатув камералари ўрнатилган. Шулардан 497 таси шаҳар ва туманларнинг асосий кўчалари, аҳоли гавжум жойларини қамраб олади ва жойлардаги ички ишлар органларида ташкил этилган 18 та ситуацион марказлар орқали кузатиб борилади. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 21 та фото ва видеоқайдлагичлардан фойдаланилмоқда.
Жиноятчиликни жиловлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳисобига ўтган йили жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 6 фоизга қисқарган. Хусусан, қотиллик, талончилик, оғир тан жароҳати етказиш, ўғрилик, фирибгарлик ва ўлим билан боғлиқ йўл-улов ҳодисалари 2018 йилга нисбатан камайган.
Профилактик тадбирлар натижасида 88 та маҳаллада жиноят қайд этилмаган. Ёшлар иштирокидаги жиноятлар сони 23 фоизга, вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар 37,5 фоизга, ишламайдиганлар иштирокидаги жиноятлар сони 14,4 фоизга, мастлар иштирокидаги жиноятлар сони 4,3 эса фоизга озайган.
Бу даврда 128 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Аммо айрим турдаги жиноятлар, хусусан, номусга тегиш, товламачилик, безорилик, транспорт воситаларини олиб қочиш ортган.
Қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида бўлган 3798 нафар шахсларнинг барчаси ишга жойлаштирилган. Улардан 34 нафарига биометрик паспорт, 3 нафарига турар жой, 28 нафарига имтиёзли кредит, 42 нафарига моддий ёрдам ажратилишида, 70 нафарига соғлигини тиклашда ёрдам берилган. Минг нафардан ошиғига эса бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилган.
Ички ишлар органлари ходимлари Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлашда ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Чунончи, 2019 йилда 3- сектор масъуллари томонидан 54 мингдан ошиқ хонадонларда бўлинган. Бу жараёнда шаҳар, туман, вилоят ва республика миқёсидаги 37 минг 592 та муаммо аниқланиб, уларнинг аксарини тегишли тартибда ҳал қилиш чоралари кўрилган.
Худди шундай, 3- сектор масъуллари 900 га яқин сайёр қабуллар ўтказишган. Мазкур учрашувлар давомида 415 та масалага жойида ечим топилган. Мурожаатлар асосида 32 километр сув қувури тортиш, 25 та сув насосини таъмирлаш, 3 та кўприк барпо этиш ишлари амалга оширилган. 326 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилган. Яна 858 та мурожаатда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга тегишли идоралар жалб қилинган.
2020 йилда ҳам ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош қилиш, секторлар кесимида аҳоли муаммоларини ҳал этиш ишлари соҳа вакиллари томонидан янада кенгроқ кўламда давом эттирилиши маълум қилинди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Хусусан, аёллар жиноятчилиги, жамоат жойларида содир этилаётган маъмурий қонунбузарликлар, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, алкоголли ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдосига барҳам бериш, ички ишлар органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, соҳада хизмат интизоми ва қонунийлик мустаҳкамлаш каби масалалар журналистлар эътиборида бўлди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!