» » 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жиззах вилоят ҳокимининг байрам табриги

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жиззах вилоят ҳокимининг байрам табриги

08 март 2020 г 9 195 Комментарии: 0

Ассалому алайкум, Азиз аёллар! Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Бугун мана шундай дилбар, қутлуғ баҳор айёмида сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, сулув қизларимизни ўзларингиз каби гўзал байрамингиз – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

Муқаддас она, аёл зоти – чинакам меҳр булоғи, меҳр қуёши, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Шу қуёш бор экан, меҳр-оқибат, эзгулик ва адолат, вафо ва садоқат каби буюк қадриятлар неча асрлардан буён безавол яшаб келмоқда. 

Шу боис бугунги қувончли айёмда аввало дунёда “фидойи” деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз.

Ер юзида сўз ва соз санъати, шоиру ҳофиз, рассом ва ҳайкалтарош пайдо бўлибдики, она ва аёл зоти юксак пардаларда тараннум этиб келинади.

Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларидек, “Оламда аёл мадҳига достон тугамайди”.  Чунки, аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. 

Бу борада Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг "Биз халқимиз розилигини аввало, сиз, муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг розилиги деб тушунамиз. Сизларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли бўлиб яшашингизни амалга ошираётган барча-барча ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ва мезони деб биламиз. Бу йўлда эришган натижаларимиз фақатгина биринчи қадамлар бўлиб, сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, дуоларингиз, ҳеч шубҳасиз, бизга чексиз куч-ғайрат бағишлайди" деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.

Қадрли опа-сингиллар!

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бу борада гап кетганда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан янги тизим ташкил этилди.

Мазкур ҳужжатнинг мазмунига кўра, ижтимоий ривожланишнинг асосий бўғинлари бўлмиш оила ва маҳаллаларда маънавий, тиббий, ҳуқуқий, моддий маданиятни оширишда аёллар фаоллигини ошириш асосий вазифадир.

Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг хотин-қизларни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони вилоятимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.

 Мазкур чора-тадбирларга асосан вилоятимизда ўтган 2019 йил давомида оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг 864 нафарига тиббий, 527 нафарига моддий, 582 нафарига бандлик масаласида ёрдам кўрсатилди. 409 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди.

Шаҳар ва туманларда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Марказга мурожаат қилган 504 нафар хотин-қизга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳудудларда 500 дан зиёд ажрим ёқасига келиб қолган оила яраштирилди. 12 мингдан зиёд хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Тижорат банклари томонидан 1966 нафар аёлларга 78 миллиард 157 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 2336 та иш ўринлари яратилди. 94 та кичик корхоналар ишга туширилиб, устоз-шогирд тизими асосида 157 та ҳунармандчилик, 197 та касаначилик фаолияти йўлга қўйилди.Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизларнинг 701 нафари реабилитация воситалари билан таъминланди.

Қадрли опа-сингиллар!

Баҳорнинг илк байрами муносабати билан вилоятимизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз.

Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

Қувонарлиси хотин-қизлар нафақат йирик мутахассис, балки раҳбар, депутат, сенатор, олима сифатида ҳам мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилишмоқда.

Бугунги кунда вилоятимиздан 4 нафар хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. 3 нафар аёл Олий Мажлис юқори палатаси аъзоси. 20 нафари эса вилоят Кенгашининг депутатлари сифатида фаолият кўрсатмоқда.Вилоятимизда 671 900 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Уларнинг 472 нафари раҳбарлик лавозимида, 2 нафари суд ҳокимияти органида иш юритади. 274 нафар хотин-қизлар давлат мукофоти билан тақдирланган, 22 нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларидир.

Мана шундай меҳрибон, оқила, зукко опа-сингилларимиз, қизларимизнинг кўрсатаётган фидоийлиги ҳар қандай юксак таҳсинга лойиқдир. 

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Биз сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклайман. Иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!

Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!

                                     Вилоят ҳокими                                         Э.Салиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!