» » Жиззахда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати байрам тадбири ўтказилди (фото)

Жиззахда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати байрам тадбири ўтказилди (фото)

05 март 2020 г 3 355 Комментарии: 0

Бугун Жиззах шаҳридаги "Баҳора" тантаналар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

Ер юзида сўз ва соз санъати, шоиру ҳофиз, рассом ва ҳайкалтарош пайдо бўлибдики, она ва аёл зоти юксак пардаларда тараннум этиб келинади.

Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларидек, “Оламда аёл мадҳига достон тугамайди”.  Чунки, аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. 

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Муҳтарам Призидентимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг хотин-қизларни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони вилоятимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур чора-тадбирларга асосан вилоятимизда ўтган 2019 йил давомида оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг 864 нафарига тиббий, 1527 нафарига моддий, 582 нафарига бандлик масаласида ёрдам кўрсатилди. 409 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди.

Шаҳар ва туманларда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Марказга мурожаат қилган 504 нафар хотин-қизга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳудудларда 500 дан зиёд ажрим ёқасига келиб қолган оила яраштирилди. 12 мингдан зиёд хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Тижорат банклари томонидан 1966 нафар аёлларга 78 миллиард 157 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 2336 та иш ўринлари яратилди. 94 та кичик корхоналар ишга туширилиб, устоз-шогирд тизими асосида 157 та ҳунармандчилик, 197 та касаначилик фаолияти йўлга қўйилди.

Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизларнинг 701 нафари реабилитация воситалари билан таъминланди.

Бугунги кунда вилоятимиздан 4 нафар хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. 3 нафар аёл Олий Мажлис юқори палатаси аъзоси. 20 нафари эса вилоят Кенгашининг депутатлари сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Вилоятимизда 671 900 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Уларнинг 472 нафари раҳбарлик лавозимида, 2 нафари суд ҳокимияти органида иш юритади. 274 нафар хотин-қизлар давлат мукофоти билан тақдирланган, 22 нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларидир.

Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, вилоятимиз хотин қизларини табриклади ва фаол бўлган аёллар ва қизларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсадалик совғаларини топширди.

 Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!