Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилояти ҳокимининг 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам табриги
09 май 2020 г 4 846 Комментарии: 0
Ассалому алайкум, Муҳтарам фахрийлар! Ҳурматли меҳмонлар!
Аввало барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган, урушдан кейинги меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган Сиз муҳтарам табаррук нуронийларимизни Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги билан вилоятимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман.
Бугун барчамиз аввало буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Азиз нуроний отахонлар ва онахонлар!
Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек “Минг-минглаб жасур ота-боболаримиз дунёдаги кўплаб халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу сўнмас жасорат, мана 75 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади..”
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда икки миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.
Уларнинг сафида 39620 нафар Жиззахнинг мард ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссаларини қушишди.
Бугун вилоятимизда қирқ мингга яқин иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 26 нафари ва 758 нафар уруш орти меҳнат фахрийлари эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқдалар.
Сизларнинг сафимизда эсон-омон, бардам бўлиб, барчамизга маънавий мадад бериб, ибрат бўлаётганингиз учун Сизларга узоқ умр тилаб, ҳурмат бажо келтириш барчамизга катта мамнуният бағишлайдиган савоб ишдир.
Сизлар каби пиру бадавлат инсонларнинг борлиги учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз.
Чунки Сиз мамлакатимизнинг яқин тарихида инсонлар хотирасида ўчмас из қолдирган Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг оғир кунларига яраган, мамлакатимизни бугунгидай чароғон дамларга етказишга жонингизни тиккан табаррук инсонларсиз.
Фашизм деган ёвуз бало бош кўтарган мудҳиш ва суронли йилларда Сиз азиз жонингизни аямасадан, Ватан ҳимояси ва озодлиги йўлида мардона курашдингиз. Сизлар каби минг-минглаб мард ота-боболаримиз, оналаримизнинг матонати ва жасорати инсониятни ҳалокатдан асраб қолди.
Азизлар!
Бугун мамлакатимизда буюк тарихий сана, яъни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонилган куннинг 75 йиллиги нишонланмоқда.
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш асносида Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши жангларда қатнашиб жасорат кўрсатганлар ва шу ўринда кўплаб уруш орти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш чоралари кўрилди.
Вилоятимиздаги Хотира майдонида Афғонистондаги жанг майдонларида диний экстремизм ва терроризмга қарши жангларда ҳалок бўлган 36 нафар ва 6 нафар мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган йигитларимизнинг номи хотира китобига киритилиб абадийлаштирилди.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 30 мартдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонда белгилаб берилган вазифалар асосида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ҳозирда вилоятимизда умргузаронлик қилаётган 26 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тантанали тарзда Юртбошимизни табриклари, бир марталик ўн миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, 60 нафар меҳнат фронти фахрийларига “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони ҳамда Россия федерацияси томонидан “75 лет Победы в Великой Отечественной войне 1941-1945 гг.” эсдалик юбилей медали меҳнат фронти фахрийларига топширилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Жонажон Ўзбекистонимиз эришаётган, дунё тан олаётган марралар, халқимиз қўлга киритган улкан натижаларнинг негизида турган асосий омил мустақиллик даврида одамларимизнинг дунёқараши, ҳаётга, меҳнатга, ўз касбига бўлган муносабати кескин ўзгариб бораётганида яққол намоён бўлмоқда.
Ана шу вазифаларни муваффақиятли адо этишда муҳтарам фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари, ҳеч шубҳасиз, биз учун ҳамиша ибрат бўлиб хизмат қилади.
Айниқса, сизлар барча ишларимизда доно маслаҳатгўй, тоғдек таянч бўлиб, халқимизни рози қилиш йўлидаги ислоҳотларимизга ўз амалий ишларингиз, дуоларингиз билан мадад бериб келмоқдасиз. Биз буни юксак қадрлаймиз, сизлар билан чексиз фахрланамиз!
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тинч ва озод, эркин ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун сизларга яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман. Доимо ҳаётимизга файз бериб, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юришингизни Яратгандан сўрайман.
Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!
Ғалаба байрами барчамизга муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!