» » Президент мактаби қурилиши Жиззахда жадал давом этмоқда

Президент мактаби қурилиши Жиззахда жадал давом этмоқда

19 май 2020 г 8 475 Комментарии: 0

Юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар барча  соҳалар айниқса, таълим тизимида яққол намоён бўлмоқда. Эришилаётган натижалар нафақат мамлакатимиз, балки халқаро экспертларнинг ҳам эътиборини тортаётгани қувонарлидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори халқ таълими тизимидаги янгиланишлар кўламини кенгайтириб юборди. Қарорга асосан республикамизда ташкил этилган илк Президент мактаблари ўтган йилиёқ иқтидорли ёшларга ўз қучоғини очганди.

Тошкент шаҳридан кейин айни пайтда Наманган, Нукус ва Хива шаҳарларида ҳам Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилган. Бу йил бундай мактаблар Жиззах, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда эса Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.

Жиззах шаҳрининг қоқ маркази—Сайилжой маҳалласидаги Олимпия заҳиралари спорт коллежи ёнида бунёд этилаётган Президент мактабига шу йилнинг 1 апрель куни тамал тоши қўйилди. Вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмасига асосан қурилаётган улкан иншоотда 25 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши  режалаштирилган.

Бош пудратчи  “Diamond” кўп тармоқли хусусий фирмаси  бунёдкорлари билим даргоҳининг лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган қурилиш-монтаж ишларини шу йилнинг 30 октябрида  поёнига етказишни ўз зиммаларига олишган.

—168 ўринга мўлжаллаб қурилаётган Президент мактаби биноси 3 та асосий корпусдан иборат бўлади, —дейди бош муҳандис Абдумажид Каримов. — Мактаб замонавий услубда, миллий ва жаҳон меъморчилигининг энг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилади. Ўқув барча синфхоналар ва лабораториялар мос тарзда жиҳозланади. Уларнинг дизайни, техник-ўқув услубий таъминланишига жиддий эътибор қаратилади. Бир қарашда мактабнинг оддий доскасидек туюлган ускуна бир вақтнинг ўзида ҳам электрон доска, компьютер вазифасини ўтайди. Мактабда болаларнинг тўлақонли таълим олиши, ўқишга, изланишга бўлган иштиёқини янада кучайтириш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилади.

Ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилади. Гимнастика зали, сузиш ҳавзаси, баскетбол, мини футбол, теннис майдончалари,  жисмоний тарбия зали ва спортнинг бошқа бир қатор турлари билан шуғулланиш имконини берувчи зал ва жиҳозлар ёшлар ихтиёрида бўлади.

3-корпусдан ётоқхона ва меҳмонхона ўрин олади. Болаларнинг яшаш жойлари ғоят шинам бўлади. Миллий ва хорижий ўқув адабиётлари, бадиий китобларга эга кутубхона ташкил этилади. Турли маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ўтказиш шохобчалари билан бирга 3 та замонавий дам олиш ҳудуди ташкил этилади. Мактаб назорат пункти, алоҳида трансформатор подстанцияси ва ўз автотураргоҳига эга бўлади. Алоҳида иситиш қозонхонаси қурилади.

— Айни пайтда қурилиш ишларини жадаллаштириш чораларини кўраяпмиз, — дейди прораб Фазлиддин Жамшидов. — Кундалик ишларида 160 нафар ишчи, инженер-техник ходимлар фаолият кўрсатаяпти. Ҳозиргача барча тупроқ ишлари ниҳоясига етказилди. Бугун эрта пойдевор қўйиш учун темир-бетон ишларига киришамиз. Мақсад мактаб биносини муддатида фойданишга топшириш.

  Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!