Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зоминдаги сиҳатгоҳда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тарғиботи бўлиб ўтди
25 июнь 2019 г 1 827 Комментарии: 0
Зоминдаги хушманзара тоғлар бағрида фаолият бошлаган Навоий кон металлургия комбинати тасарруфидаги сиҳатгоҳ бугун нафақат дам олиб ҳордиқ чиқарадиган, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тарғиботи марказига айланди.
Шу кунларда сиҳатгоҳда комбинат ишчилари, инженер-техник ходимлари билан биргаликда бутун борлиғини республикамиз равнақига бахшида этган меҳнат фахрийлари, фан ва маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирлар ҳам дам олиб, ҳордиқ чиқараяптилар.
Ўтган куни сиҳатгоҳнинг мажлислар залида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга ошириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар кенгаши, касаба уюшмалари Жиззах вилоят кенгаши ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан уюштирилган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар хусусида сўз борди.
—Бугун мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди,—дейди “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Колонов. —Президентимиз раҳнамолигида бунёд этилаётган замонавий турар-жой бинолари, кенг ва равон кўчалар, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги ибратли ишларни таърифлашга тил ожиз. Энг муҳими тадбиркорлар ва ишбилармонларга кенг йўл очилди. Мамлакатимизга кириб келаётган чет эл инвестицияларининг салмоғи кўпайди. Бу янги-янги корхоналар бунёд этиш баробарида минг-минглаб иш ўринлари яратиш имконини бераяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги, уларни арзон уй-жойлар билан таъминланаётганлиги одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини яна ҳам ошираётир. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларга қаратилаётган эътиборни айтмайсизми? Янгидан бунёд этилаётган замонавий мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва мактабдан ташқари муассасалар ёшларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол бўлиб вояга етишишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон қаҳрамони Холиджон Комилов, Ўзбекистон Републикаси Фанлар академиясининг академиги Талат Соатов, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов, Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Теша Мўминов, истеъфодаги генерал Равшан Ҳайдаров ва бошқалар юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар халқимизнинг фаровонлигини оширишга, турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилганлигини эътироф этдилар.
Давра суҳбати ўзаро мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтди. Ана шундай тарғибот-ташвиқод тадбирларини ҳар бир меҳнат жамоасида, ҳар бир маҳаллада ўтказиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаси эканлиги таъкидланди.
Бекпўлат ТОҒАЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!