» » Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтинчи сессияси ўтказилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтинчи сессияси ўтказилди

08 июнь 2020 г 1 710 Комментарии: 0

Жорий йилнинг 8 июнь куни Жиззах вилоят ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтинчи сессияси ўтказилди.


Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 6-сессиясида вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудирлари, гуруҳ раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

Сессияда депутатлар 7 та масалани кўриб чиқдилар. Сессияни вилоят ҳокими Эргаш Салиев очиб берди.

Дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемиясига оид фармонлари ва қарорлари ижроси юзасидан маҳаллий ижро ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тўғрисида”ги масала ижроси бўйича масъул шахсларнинг ҳисоботлари тингланди. Жумладан, вилоят ҳокими биринчи масала юзасидан қуйидагиларни айтиб ўтди.

-2020 йилнинг энг таҳликали ҳолати деб баҳоланаётган коронавирус пандемияси бошқа мамлакатлар каби бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади, — деди вилоят ҳокими, вилоят Кенгашининг раиси Эргаш Салиев юқоридаги масала юзасидан фикр юритиб. — жорий йилнинг 19 мартидан 20 майига қадар давлатимиз раҳбарининг коронавирус пандемиясига қарши курашишга оид 16 та фармон ва қарорлари қабул қилинди.

—Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги 4652-сонли қарори ижроси юзасидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб  қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига жами 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди, — деди вилоят ҳокими ўз сўзини давом эттириб. — Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 мартдаги 5959-сонли фармонига асосан қарийб 91 минг нафар юридик ва жисмоний шахсларнинг 825 миллиард сўмлик кредитнинг тўлов муддатлари жорий йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилди.

Вилоят ҳокими ҳисоботида 127,4 минг нафар жисмоний шахсларнинг 21,1 миллиард сўмлик мол-мулк ва ер солиқларининг тўлаш муддати 15 октябрга қадар узайтирилганлиги, 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 июлига қадар туристик (меҳмонхона) йиғим ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилганлиги ҳақида маълумотлар келтирилди. Сессия қатнашчиларига Президентимизнинг коронавирус пандемиясига оид 5969-фармони, 4679-, 4700-сонли қарорларининг ижроси, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига воҳамиз тадбиркорлари қўшаётган ҳисса ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар етказилди.

Депутатлар вилоят ИИБ ташкилий бошқармаси бошлиғи Раҳматулла Бўриев, вилоят солиқ бошқармасининг бошлиғи Юнусжон Насимджанов, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Нодирбек Раджапов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи Фарҳод Норқўзиевларнинг ҳисоботларини ҳам тинглашди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Олий Мажлис Сенати аъзолари Нусуратулла Пардаев, Санобар Суярова, Холида Алимова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Эркин Холматов, Шуҳрат Умаров ва бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Шундан сўнг, вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вилоят Дастурининг 2020 йил биринчи чорагида ижроси ҳамда вилоятда ёшларнинг бандлик даражасини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида, вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғи вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йил биринчи чорак ижроси, пандемия даврида бюджет барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғини тўлашни фоиз ҳисобланмаган ҳолда 6 ой муддатга кечиктириш тўғрисида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ахборот берди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган вилоятдаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий  қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар режасининг Жиззах  вилоятидаги ижроси тўғрисидаги масала  ҳам кўрилди.

Мазкур масала ижроси бўйича сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси Нусратулла Пардаев вилоятда 1 843 нафар хотин-қизлар тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга жойлаштирилганлиги ва 2 344 нафар фуқароларнинг Бандликка кўмаклашиш марказлари орқали ишга жойлаштириш ишлари амалга оширилаётганлиги ҳақида айтиб ўтди.


Сессия якунида вилоят ҳокими, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Эргаш Салиев Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясини тузиш ва вилоят ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилган қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан сўзга чиқди. 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!