» » “GLORIA JEANS” Жиззахда тайёрланади

“GLORIA JEANS” Жиззахда тайёрланади

09 июнь 2020 г 2 824 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида 64 та текстиль корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш  ҳажми 387,5 миллиард сўмни ташкил этди. Бу вилоятимиздаги ишлаб чиқариш ҳажмининг 35.5% айнан тўқимачилик корхоналари ҳиссасига тўғри келишини билдиради.

Хўш, истиқболли дея ҳисобланаётган текстил саноатининг вилоятимиз иқтисодиётидаги улуши қандай? Жиззах шаҳри А саноат ҳудудида жойлашган “Jizzax Toshtepa Textile” корхонаси маҳсулотини 100 фоиз хорижга экспорт қилувчи корхона сифатида иқтисодиёт занжирида муҳим халқа бўлиб қолмоқда.

орхона 2011 йилда ташкил топган бўлиб,  2018 йилда “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси иштирокчисига айланган. Бу ерда 1500 дан зиёд иш ўрни яратилган.  2019 йилда 8,5 млн. дона тайёр кийим кечак ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 10 млн. донага етиши режалаштирилган.  Маълумот учун айтиш ўринлики, бир кунда 32 минг дона футболка ишлаб чиқариш қуввати мавжуд.

Аммо март ойида эълон қилинган карантин боис корхонада ва унинг тикув фабрикаларида меҳнат фаолияти вақтинча бекор қилинди. Боиси асосий импортёр бўлган Россия ва Италия давлатлари томонидан буюртмалар тўхтатилди. Май ойидан бошлаб яна ишлаб чиқариш жараёнларига рухсат берилиб, экспорт йўлаги ҳам очилди.

         Корхонадаги иш жараёни вертикал усулда ташкил этилган. Яъни, пахта толасидан мато тўқиб, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган узоқ ва қизиқарли жараёнлар бир жойда бажарилади. Дастлаб калава ипдан мато тўқилгач, бўяш цехида бўялади, қуритилади, гул босилади ва ишлов берилади. Сўнг тайёр матони кесиш, бичиш ва текислаш бўлимига ўтилади. Сўнг энг қизиқарли жараён – бичилган бичимга аппликация ва ранг бериш бошланади. Корхонада 20 тагача рангни босиш имкони бор. Текстиль  корхоналари учун бу катта имконият ҳисобланади.

   

- Жуда кўпчилик текстиль корхоналарида бунча кўп рангга буюртма берилмайди. Боиси харажатлар ошиши мумкин, - дейди корхонанинг экспорт-импорт бўлими бошлиғи Феруз Раҳимов. – Аммо нуфузли брендлар даромадни ҳисобга олган ҳолда қиммат буюртмалар беришдан қочмайдилар. Корхонада 1 ойда 1 млн. долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспортга йўл олади. Буюртмаларни сифатли ва тез бажариш учун ҳар йили янги технологиялар харид қилинади. Рақамли матога чоп этиш ускунаси, кўп ранг берувчи ротацион ускуна, юқори аниқликдаги кесим аппарати шулар жумласидан.

Корхонадан ярим тайёр маҳсулотлар тикув фабрикаларига юборилади. Таъкидлаш жоизки, корхона таркибида Пахтакор, Шароф Рашидов, Зомин, Дўстлик туманлари билан бирга Навоий вилоятида жами 6 та тикувчилик фабрика ва цехлари мавжуд. “Zarista tex” ҳам уларнинг бири. Йирик тикувчилик корхонасида 500 та иш ўрни яратилган бўлиб, бу жараён давом этмоқда. Корхонада ходимлар учун транспорт қатнови, икки маҳал овқат ташкил қилинган.

     

- Фабрика очилганидан буён ишлайман, - дейди “Zarista тех”нинг дазмоллаш бўлими устаси Гулбаҳор Диёрова. –  Меҳнат шароитларимиз жуда маъқул, қўшимча иш учун қўшимча маош тўланади. Пухта ишлаш, экспорт талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўта синчков бўлиш кераклигини жуда яхши ҳис қиламиз.

“Жиззах Тоштепа текстиль” “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси сифатида қатор имтиёзларга эга. Жумладан, беш йил муддатга ер, мол-мулк ва фойда солиғи тўлашдан озод этилган. Экспортёр корхоналарга қўшилган қиймат солиғини қайтариш амалиёти ҳам корхона учун жуда қўл келмоқда. Импорт қилинадиган товарларнинг божхона тўловлари ва ҚҚСдан озод этилгани, логистика ва божхонага оид рухсат бериш, сертификатлаштириш функциялари ЭИЗнинг ўз ҳудудида жойлашгани ҳам ишлаб чиқариш корхоналарига катта қулайлик туғдиради. Тадбиркорлик субъектларининг бу тарзда қўллаб-қувватланаётгани ишбилармонларни янги иш ўринлари яратиб, минглаб инсонларни банд қилишда катта аҳамиятга эга.

-  Яқин келажакда пахтачилик, толани қайта ишлаш, тўқимачилик соҳаларини бирлаштириб, кластерга асос солиш режамиз бор, - дейди корхона директори ўринбосари Ҳусан Ўринбоев. – Бу янги иш ўринларини яратади, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиради ҳамда ўзбек пахтасига ўзбекчасига ишлов бериб, жаҳон стандартлари асосидаги маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Бугунги кунда корхона “Gloria Jeans”бренди буюртмасининг  Ўзбекистондаги асосийҳамкори ҳисобланади. Бу бренд машҳур ва севимли  эканини ҳисобга олсак, Жиззахдаги корхонанинг маҳсулоти ва ўзбек пахтасининг сифати ҳақида баҳслашишига ҳожат ҳам қолмайди.

Гулчеҳра УРДУШЕВА,

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси

жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий

ахборот шўъбасининг катта инспектори

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!