Бахмал тумани Жиззах вилоятининг бошқа ҳудудларидан фарқли жиҳати шундаки, иқлими мева етиштириш учун жуда қулай. Шу боис азалдан Бахмал олмаси ва узумларининг донғи кетган.
Айни пайтда ҳудудда узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар соҳибкор деҳқонлар томонидан 420 гектар майдонда токзорлар ташкил этилган. Буларнинг барчаси аҳолига сифатли мева етиштириш борасида қилинаётган хайрли ишлардир.
Ана шундай хайрли ишда «Жамшид фахрли боғи» боғдорчилик ва кўчатчиликка ихтисослашган кўп тармоқли фермер хўжалигининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. 2017 йилда ташкил этилган мазкур фермер хўжалик бугунги кунда шартнома асосида фермер хўжаликларига кўчат етказиб беради. Айни пайтда 70 сотихда 150 минг туп ток кўчатлари етиштирилмоқда. Бундан ташқари 9 гектар боғда 2 минг туп олма дарахтлари парваришланмоқда.
– Нимага эришган бўлсам барчаси ушбу меҳнатим эвазига, – дейди хўжалик раҳбари Фахриддин Саримсоқов. - Бу йил ток кўчатнинг барча навларидан қаламчаларни ерга қадаганмиз. Насиб бўлса кўчатларни октябрь, ноябрь ойларида сотишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳозирдан фермер хўжаликлари билан шартномаларни имзолаб қўйганмиз. Қолганини аҳолига етказиб беришни кўзлаб турибмиз.
Ўтган йили фермер ток кўчатининг ўзидан 120 миллион сўмдан зиёд даромад қилди. Бу йил эса унданда кўпроқ даромад олиш учун меҳнат қилаётир. Хўжаликда 5 та доимий, 15 та мавсумий иш ўрни яратилган.