“Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизими самаралари
29 июль 2020 г
1 336
Жиззах вилояти давлат содиқ идоралари томонидан жорий йилнинг июль ойида ўтказилган камерал текширувлар давомида 107 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 3 миллиард 148,4 миллион сўм солиқларнинг ҳисоботда акс этмагани аниқланди.
Улар қайта ҳисоботга олиниб, корхоналарнинг раҳбар ва ҳисобчиларига тушунтириш берилди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ҳисоботлар қайта тақдим этилиб, 2 миллиард 833,5 миллион сўм маблағ бюджетга ундирилиши таъминланди.
– Президентимиз томонидан 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда солиқ идоралари олдига қўйган янги вазифа – “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини қўллаш тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатишдаги энг муҳим ишлардан бўлди, – дейди вилоят ДСБ камерал назорат бўлими бошлиғи Жасур Достонов. – Камерал текширувлар давомида тадбиркорлик субъектлари ҳисоботларда йўл қўйган хатолари учун жазоланмасдан, аксинча тузатишга амалий ёрдам берилаётгани солиқ назорати фаолиятидан тобора кенг ўрин олаётир. Июль ойи давомида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини камерал назоратдан ўтказиш давомида 382 та хўжалик юритувчи субъект томонидан йўл қўйилган хатоликлар тўғриланди.
“Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини амалиётга татбиқ этишнинг бошловчи тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиб олишларида аҳамияти айниқса катта. Шунинг учун солиқ идоралари ходимлари бошловчи тадбиркорларга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканлигини танлашда маслаҳат беришаётир. Бу уларнинг дастлабки қадамни тўғри ташлашларида асқотмоқда.
Айниқса пандемия туфайли юзага келган бугунги қийин шароитда солиқ идораларининг ҳар бир тадбиркорга кўмакчи бўлиши бизнес субъектининг “яшаб кетиши” учун имкон яратади. Шунинг учун вилоят солиқ идоралари тадбиркорлар билан ишлашда фаолият кўрсатмаётганларни тиклашга кўмак бериш, бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Энди солиқ идоралари фаолияти қанча солиқ қонунчилигини бузиш аниқлангани, қанча қўшимча солиқ ундирилгани, қанча тадбиркор жазога тортилгани билан эмас, аксинча, солиқ қонунчилигининг бузилиши нечоғлик камайгани ва тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилганига қараб баҳоланади. Солиқ органи билан тадбиркор ўртасидаги бу янгича муносабат ўзаро дўстона ҳамкорликни юзага келтиради. Бу дўстона ҳамкорлик иқтисодиётнинг ривожига хизмат қилиши жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари тажрибасида ҳам синовдан ўтган усул.
скачать dle 12.0
Похожие новости