Бахмал туманида жорий йилда 30 дона тик артизан қудуғи қазилмоқда. Бу лалми ҳудудлардаги 1 минг 50 гектар майдонни суғориш имконини беради.
Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида вилоят хокимлигига “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда 2020 йилнинг учинчи чорагида Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Фориш, Янгиобод ва Ш. Рашидов туманларида янги ўзлаштириладиган лалми ер майдонларида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун артизан қудуқ қазиш ва ер ости сувларидан самарали фойдаланиш мақсадида бурғулаш ишларини ташкил этиш топширилган.
Ҳудудларнинг асосий майдонлари лалми ерлардан иборат, нафақат қишлоқ хўжалигидаги фойдаланиладиган, балки ичимлик суви тақчил бўлган ушбу туманларда оби ҳаётнинг ерости манбаларидан фойдаланиш ягона имконият ҳисобланади. Аммо ерости сувини чиқариб ундан фойдаланиш катта куч, катта маблағ талаб қилгани боис бу имкониятдан ҳозиргача фойдаланилмай келинаётган эди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларда лалмикор ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёндашув муаммонинг ечими бўлди. Мазкур қарорга мувофиқ биргина Бахмал туманида ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ерлардан фойдаланиш бўйича жорий йилда 30 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳалар доирасида 1 минг 50 гектар ер майдонга сув чиқариш учун тик артезиан қудуқлари ковланиб, фойдаланишга топшириш белгиланган. Бу лойиҳаларни амалга оширишга давлат бюджетидан жами 5 миллиард. 400 миллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
– Бу маблағ туман қишлоқ хўжалик бўлимининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди, – дейди туман хокими ўринбосари Ўткир Каттабеков. – Айни пайтда артизан қудуқлари қазиш, суғориш тармоқларини, ер майдонларини тайёрлаш, электр узатиш тармоқларини тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг техник ва молиявий ечимлари устидаги ишлар ниҳоясига етказилмоқда, Бу лойиҳалар бўйича йўл харитаси тасдиқланиб, пудрат ташкилотларни танлов асосида аниқлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Туман ишчи гуруҳи томонидан янгидан бурғуланадиган артезиан қудуқлари жойлари танланиб, қишлоқ хўжалик харитасига туширилди ва лойиҳаларни амалга оширадиган ташаббускорлар аниқланмоқда. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 107 гектар боғ ва 943 гектар токзор барпо этилиши назарда тутилган.
Танланган ер майдонлари гидрогеология мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, лойиҳа ишларини бошлаш учун кўп тармоқли «Илмий-ижодий муҳандислик» маркази хулосалари олинди. Лойиҳа-смета ишлари якунланиши билан, бурғулаш ишларини бажарувчи пудрат ташкилоти танлов асосида туман ишчи гуруҳи томонидан аниқлаб олинади.
Вилоятда мева-сабзавот етиштиришни ихтисослаштириш бўйича шундай ишлар Президентимиз қарорида кўрсатиб ўтилган Ғаллаорол, Зомин, Фориш, Янгиобод ва Ш. Рашидов туманларда ҳам бажарилмоқда.
Ушбу қарорда эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида вилоятининг жами 116.3 минг гектар қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш белгилаб берилган. Иҳтисослаштириш натижасида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳозиргига нисбатан 4 баробарга ўсиши мўлжалланган. Бу ишлаб чиқариш кўламига мутаносиб равишда ушбу маҳсулотлар экспортини 3 баробарга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ҳозиргача вилоят бўйича 253 та қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ташаббускорлари аниқланиб, улардан интенсив боғдорчилик бўйича 17 таси,узумчиликда 18 таси, иссиқхона барпо этиш соҳасида 4 таси амалга оширилди. Натижада 262 гектар интенсив боғ, 4 минг 200 гектар узумзор ва 6 гектар замонавий иссиқхона ишга туширилиб, 300 га яқин янги иш ўрни яратилди
скачать dle 12.0